Самарқанд шаҳрининг Мароқанд маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар кейинги йилларда ҳар ёмғирдан қаттиқ азият чекаётганини ёзиб Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди.
Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганар эканмиз, ҳар сафар ёмғир ёғганида Самарқандда йўлларнинг сувга тўлиб қолиши, кўплаб уйларнинг зарар кўриши сабабларидан бири бўй кўрсата бошлади.
Дарҳақиқат, март ойининг охиридаги шаҳарнинг қатор ҳудудларида кузатилган тошқиндан ҳеч қанча ўтмасдан, апрель ойининг бошидаёқ самарқандликлар ёмғир оқибатида келиб чиққан сув тошқинларига яна гувоҳ бўлди — бир ҳафтада икки марта — ва кўпчиликда бир савол пайдо бўлмоқда: Нега уйларни сув босяпти?



Кўпчилик кишилар шаҳар ариқларининг аксарияти неча йиллардан буён эътибордан четда қолаётганини билдирса яна кўпчилик маиший чиқиндиларнинг канал ва коллекторларга ташланаётгани муаммонинг асосий сабаби, деб билади. Бу гапларда ҳам жон бор, албатта.

Аммо, афтидан, асосий муаммо бу ҳам эмас. Шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда юзлаб, архитектура қоидаларига зид ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ҳам сув йўлини тўсиб турибди. Ҳатто шундоққина ариқ устига қурилган уйлар ҳам бор экан.
Мароқанд маҳалласидаги ҳолат бу фикримизга далил бўла олади. Ҳудуддаги ўнта хонадоннинг ҳар ёмғирда сувга бўкиши одатий ҳол бўлиб қолган. Маҳалла аҳли қатор ҳокимият бошқарув идораларига мурожаат қилган. Аммо, натижа йўқ.
— Маҳалламиз ичидан оқиб ўтувчи каналда ўн йиллар давомида бирор бир ташкилот томонидан, қазиш, тозалаш каби профилактик тадбирлар олиб борилмаган, — дейилади мурожаатда. — Сув тошишидан ташқари, ушбу каналдаги санитария ва эпидемиологик вазият ҳам бирор бир талабга жавоб бермайди. Ёмғир ёғганида эса сел келиб, ҳар сафар мол мулкимиз зарар кўриб, ўзимиз қўрқувда яшаймиз. Қўлимиздан келгунча, канални тозалаймиз, давлат идораларидан эса кучимиз етмаган жойига техника сўраймиз. Сув йўлида қурилган иморат эса дард устига чипқон бўлиб турибди. Шусиз ҳам ариққа сиғмаган сув мана шу иморат олдига келиб тўхтаб, тошиб бошлаяпти. Агар масъул идоралардан бирор бир раҳбар лоақал битта хонадон кўрган зарарни чўнтагидан кавлаганида эди. Йиллар давомида дардимизга беписанд қарамасди.






















