Қаршида кутубхона ва ошхонага эга бўлмаган 315 ўринли мактабда 883 ўқувчи таълим олмоқда
30 март куни Қарши шаҳридаги 3-умумий ўрта таълим мактабида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматовнинг аҳоли вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади “Адолат” СДП матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, учрашувда шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва маҳаллаларда аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қатор муаммолар билдирилди.
Қайд этилишича, шаҳардаги 3-умумий ўрта таълим мактаби 1924 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Қарши шаҳрининг 2700 йиллигини нишонлаш арафасида “Кўкгумбаз” жоме масжиди ҳудуди кенгайтирилиши муносабати билан мактабнинг эски биноси бузилган. 2006 йилда мазкур таълим муассасаси учун 315 ўринга янги мактаб биноси қуриб фойдаланишга топширилган.
“Мактаб биноси қувватига ўқувчилар сонининг номутаносиблиги сабабли ҳозирги кунда 315 ўқувчи сонига мўлжалланган мактабда 883 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Таълим муассасасида фаоллар зали, маънавият хонаси, меҳнат фани устахонаси, ёшлар иттифоқи етакчиси хонаси, мактаб психологи хонаси, мактаб директори ўринбосарлари ва ўқитувчилари учун хона ва ҳатто болалар учун кутубхона ва ошхона ҳам мавжуд эмас”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бугунги кунда мазкур таълим муассасида 96 ўқувчи ўрнига мўлжалланган ўқув блокини қуриш режалаштирилмоқда. Лекин ушбу ўқув блокини қуриш билан таълим муассасасининг ўқувчи ўрнига бўлган муаммоси ҳал этилмайди. Сабаби, мактаб ҳудудига яқин бўлган Маҳмуд Қошғарий кўчасида 3 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади ва бу уйларга 190 хонадон кўчиб келади. Шунингдек, 2019-2020 ўқув йилида ҳудудда истиқомат қилувчи 90 нафар 7 ёшли болаларнинг бу таълим муассасасига 1-синфга келиши ўқувчи ўрнига бўлган муаммонинг янада ортишига олиб келади.
Ушбу муаммога ечим топиш мақсадида “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов 8 апрель куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга депутатлик сўрови юборди.
“Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига асосан 10 кунлик муддат ичида жавоб берилиши лозим бўлган сўровда Қарши шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби учун бугунги кунда таълим олаётган ўқувчилар сонидан келиб чиқиб қўшимча 420 ўқувчи ўрнига эга бўлган ўқув блокини қуриш масаласини ҳамда мазкур муаммоларни ҳал қилиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида асослантирилган ахборот берилиши сўралган”, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
20:11 / 20.07.2024
Қарши аэропорти яқинида ёнғин содир бўлди
07:43 / 27.04.2024
Ўзганинг сир сақланиши лозим бўлган видеоларини тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган аёл ушланди
22:32 / 20.04.2024
Қаршида DAMAS автомобилида 25 нафар болани ташиган ҳайдовчи аниқланди
23:02 / 16.04.2024