Жамият | 13:49 / 13.04.2019
33917
5 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда икки йигит вояга етмаган қизнинг номусига тегди

Фото: Василий Шапошников / Коммерсантъ

Қорақалпоғистон Республикаси жанубий туманларининг бирида юз берган ушбу жиноятнинг ўз вақтида олди олинганида эди, бугунги кунга келиб, гулдек бир қизнинг номуси оёқости бўлмаган, ёш, навқирон икки йигит эса темир панжара ортида ўтирмаган бўларди, деб ёзмоқда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим катта прокурори Альфия Бисенова «Ҳуқуқ» нашрида.

1993 йилда туғилган Б.Э. бундан уч йил олдин баданга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятга қўл урган, аммо суднинг ажримига кўра унинг айблилик масаласи тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилганди. Бу, агар у теранроқ фикр юритганида, ёшликдаги хатосидан тегишли хулоса чиқариб олиши учун ўзига берилган имконият эди. Афсус, воқеа «қаҳрамон»ларидан бири ўтмишдаги хатосидан тегишли хулоса чиқармади. Аксига олиб, бекор юрди, тайинли бир ишнинг бошидан тутмади, қолаверса, ёш оиласи «ташвиш»ини ота-она ихтиёрига топшириб, «ўзига ўхшаган»лар билан улфатчилик қилишни одатга айлантирди.

Б.Э. шундай кунларнинг бирида ахлоқан қашшоқлиги боис оиласидан ажрашган, на келинлик хонадонига, на ота уйига сиғмай, саёқ юрган Д.Ҳ. билан танишиб қолади. Буни қарангки, «дунёқарашлари» бири-бирига ўхшаш бу кимсалар «пинҳона» учрашувларини ҳам бошлаб юборишади.

Б.Э. бу пайтларда ўзига олдиндан таниш бўлган, ҳали балоғат ёшига етмаган қизнинг ҳам «бошини айлантириб», хаёлида уни ҳам ўзиники қилиб қўйганди…

Б.нинг бундай юришлари кунлардан бир кун қандайдир кўнгилсизликни келтириб чиқариши ўз-ўзидан маълум эди. Аммо, Б., Д. ва уларнинг танишлари бўлган О.М., О.Ҳ. ва Ш.И. бу ҳақиқатни ҳатто хаёлига ҳам келтирмасди.

Туман ҳудудида жойлашган кафеларнинг биридан маст ҳолатда чиққан йигитлар «ўтириш»ни давом эттириш мақсадида О.Ҳ.нинг бўш турган уйига боришади. Табиийки, ичкиликбозлик бу ерда ҳам давом этиб, «ўтириш» қизийди. Орадан бироз вақт ўтгач, Б. маст ҳолатида бу уйга вояга етмаган танишини ҳам олиб келади. Ҳали балоғат ёшига етмаган, унинг устига, бундай тартибсиз «ўтириш»ларда иштирок этиб кўрмаган қиз ўзини ноқулай сезади. Айниқса, унинг қўлига ароқ тўла пиёла тутқазилганида, у дастурхон атрофидагиларга ўзининг ароқ ичиб кўрмаганлигини ва умуман, ичишни хоҳламаслигини айтади. Лекин, у «ичмайман» деб қанча ҳаракат қилмасин, барибир, атрофдагиларнинг қистови билан ичишга мажбур бўлади.

Мана шундай қистов остида уч-тўрт пиёла ароқ ичган қиз маст бўлиб қолади. Ёшлигидан фойдаланган ҳолда бошини айлантириб юрган қизининг ана шундай ҳолатга тушишини пойлаб ўтирган Б. унинг ёнига боради ва гўёки, ёрдам бермоқчи бўлгандек, уни уйнинг алоҳида хонасига етаклайди…

Б. синглиси тенги қизнинг номусини булғаб, дастурхон атрофига келганидан сўнг ичкиликбозлик яна давом этади. Б.нинг пасткашлиги тутиб, ҳозиргина нима «иш» қилгани ҳақида айтиб, мақтанар ва бундан ўзича ҳузурланарди. Энг ачинарлиси, бу ишнинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигини шу ерда ўтирганларнинг ҳеч бири ҳатто хаёлига ҳам келтирмасди. Аксинча, энди бу «хона»га маст ҳолатда бўлган О. ҳам киришга қарор қилади ва қизнинг ожизлигидан, яъни ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга эмаслигидан фойдаланади…

Икки йигит томонидан оғир жиноят содир этилаётган пайтда қизнинг ота-онаси хавотирланиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилган ва у қидирилаётганди. Қилғиликни қилиб, бир қизнинг номусини булғаган жиноятчилар эса жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида турли найрангларни ишга солиш билан овора эди. Лекин, уларнинг ўйлаб топган найранглари, табиийки, иш бермаслиги кундек равшан эди. Жиноятчилар шу куннинг ўзидаёқ қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Суд ишни холисона ва ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Одил суднинг ҳукмига биноан, Б.Э. ва О.М.га қилмишларига яраша узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид