Жаҳон | 14:07 / 12.09.2024
4909
2 дақиқада ўқилади

Россияда оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди

Йил бошидан бери Россияда рекорд даражадаги оғир жиноятлар содир этилган. Айниқса, кучли ўсиш Москва вилояти, Краснодар ўлкаси ва Ростов вилоятида кузатилди.

Фото: РИА Новости

Россияда 2024 йилнинг январидан августигача сўнгги 13 йил ичида рекорд даражадаги оғир ва ўта оғир жиноятлар қайд этилди, деб хабар берди 11 сентябр, чоршанба куни «Вёрстка» нашри Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги статистик маълумотларига таяниб. 

Жами 403 537 та шундай жиноятлар аниқланган (статистик маълумотларга Украинанинг Россия назоратидаги ҳудудлари ҳам киритилди), энг катта ўсиш Москва области, Краснодар ўлкаси ва Ростов вилоятида қайд этилган.

Экспертлар фикри

Ички ишлар вазирлиги илмий-тадқиқот институти жиноятчиликнинг кескин ўсишини тахмин қилди. Институт мутахассислари ҳатто сўнгги 15 йил ичида рекорд даражани кутишган ва буни бир қатор омиллар, жумладан, Украинадаги урушдан собиқ маҳбусларнинг қайтиши ва қурол-яроғ қора бозори ўсиши билан изоҳлашган.

Оммавий ахборот воситаларида Украинага қарши урушдан қайтганлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар, жумладан қотиллик ва зўрлашлар ҳақида мунтазам хабарлар тарқалмоқда. Бундай юзлаб ҳолатлар ҳақида маълумот берилган. Ушбу жиноятлар туфайли юзага келган жамоатчилик норозилиги Кремлни ўз назорати остидаги журналистларга бундай воқеалар ҳақида хабар бермасликни тавсия этишга мажбур қилди.

Март ойида Россия Давлат думаси қонун лойиҳасини қабул қилди, унга кўра ҳарбий хизмат учун шартнома тузганлар кичик ва ўртача оғирликдаги жиноятлар учун жавобгарликдан озод қилинади. Илгари жиноят содир этганликда айбланган уруш қатнашчилари Россия президенти томонидан имзоланган афв этиш билан жазодан озод қилинарди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид