Спорт | 19:50 / 13.04.2019
5249
4 дақиқада ўқилади

Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетида спорт фестивали ўтказилди

Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси

Бугун, 13 апрель куни Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетида (ТДИУ) ёшлар ўртасида спорт фестивали ўтказилди, деб хабар беради Миллий Олимпия Қўмитаси. 

Тадбир Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси (МОҚ), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ТДИУ билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, ТДИУ раҳбарияти, спортчилар, ОАВ вакиллари ва минглаб талабалар иштирок этишди.

Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси
Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси

Таъкидлаш жоиз, ТДИУда турли йилларда Дмитрий Шокин, Ришод Собиров, Абдулло Тангриев, Миржалол Қосимов, Ирода Тўлаганова, Светлана Радзивил, Ислом Тўхтахўжаев каби кўплаб халқаро мусобақалар, жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар таълим олган. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ҳам бу жиҳатга алоҳида урғу бериб ўтди.

Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси

«Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети ўзбек спортида ўз ўрнига эга. Ушбу олий ўқув-юртининг талабалари – спортсевар. Университет раҳбарияти ёшлар спорт фестивалини ўтказиш борасида ташаббус билан чиқишганида, биз уни қўллаб-қувватладик. Мухтарам юртбошимиз ҳам ёшлар орасида спортни ривожлантириш, уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш масаласида олдимизга аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб берган. Шундай экан, келажакда бу спорт тадбирини кенгайтириб, уни ўтказишни анъанавий тарзда йўлга қўямиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Бу фестиваль мини-футбол, стол тенниси, бокс ва шахмат спорт турлари бўйича ташкил этилди. Кескин ва муросасиз кечган беллашувлар якунида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. 

Шунингдек, тадбирда футбол бўйича аёллар олимпия жамоаси, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони, боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев, бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари совриндори Ўткирбек Ҳайдаров, Осиё ўйинлари ғолиби Бекзод Хидиров, профессионал бокс бўйича WBS Silver камари соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоров, стол тенниси бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Саида Маҳмудова каби спортчилар иштироки ва улар ижросида ташкил этилган мастер-класс йиғилган мухлисларда бир олам таасурот қолдирди.

Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси
Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси

Футбол мусобақасининг финал беллашувини жаҳоннинг энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов бошқариб борди. 

Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи, аргентиналик жаҳонга машҳур мутахассис Эктор Купер фестиваль иштирокчиларини қутлар экан, бу каби тадбирлар оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси

Тадбирнинг бадиий қисмида фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар учун Тоҳир Содиқов, Ботир Қодиров, Фарруҳ Комилов, Фарҳод ва Ширин, ВИА «Мароканд» гуруҳи иштирокида гала-концерт ташкил этилиб, сумалак ва ҳалим каби баҳорнинг анъанавий таомлари тортиқ этилди.

Фото: Миллий Олимпия Қўмитаси

Мавзуга оид