Ўзбекистон | 19:23 / 16.04.2019
8108
3 дақиқада ўқилади

1 миллиард 933 миллион сўм маблағ иқтидорли ҳамда фаол талабаларнинг шартнома тўловларига йўналтирилди

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Бугунга келиб ёшларимизга турли соҳаларда қатор имконият ва имтиёзлар тақдим этилаётгани сир эмас. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларида ўртача ўзлаштириши 86 фоиз ва ундан юқори бўлган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқида шижоат билан фаоллик кўрсатган талабалар учун тўлов шартнома суммасининг 35 фоиз қисми тўлаб берилмоқда.

Бугун пойтахтимиздаги Ёшлар марказида Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 552 нафар талабага бир йиллик тўлов шартнома суммасининг 35 фоиз миқдоридаги тўловларни тўлаб бериш ва  уларни махсус сертификатлар билан тантанали тақдирлаш маросими  бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши раиси биринчи ўринбосарлари, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Иттифоқнинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Ойбек Раҳмонбердиев жорий ўқув йилида ушбу имтиёзга Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларининг 1 минг 52 нафар талабалари ҳужжат топширгани ва улар орасидан 552 нафарининг тўлов шартномасига жами 1 миллиард  933 миллион  644 минг сўм миқдорда маблағ ажратилганини таъкидлади.

Совриндор талабаларга махсус сертификатлар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Эслатиб ўтамиз, имтиёзга энг муносибларни саралашда талабанинг олий таълим муассасасида ўртача ўзлаштириши 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши,  ташкилот тизимида амалга оширган ишлари, фаолликлари, ўз шахсий ташаббуслари билан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, танлов ғолиблари тақдим этган лойиҳаларнинг энг долзарблари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмагида амалга ошириладиган бўлди.

—Факультетимизда Иттифоқнинг бошланғич ташкилот етакчисиман. Бир қанча публицистик ва илмий мақолаларим турли газета ва журналларда чоп этилган. Университетимиздаги эълон орқали ушбу танловга ҳужжат топширдим ва бугун имтиёз совриндорлигига эришдим, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг хорижий тил ва адабиёт йўналиши 4-курс талабаси Мухлиса Махманазарова. — Билдирилган ишончга жавобан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида халқаро муносабатларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Ҳозирги кунда ўзбек халқ мақолларини хитой тилига таржима қилиш устида иш олиб боряпман. Буни тугатгач, ўзбек адабиётидаги дурдона асарларни инглиз тилига таржима қилишга киришаман.

Имтиёз совриндорларидан бири Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш факультети 2-курс талабаси Ҳайитбой Искандаров ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшларга берилаётган бу каби кенг имкониятлардан миннатдорлигини билдирди. У факультет етакчиси сифатида институтда китобхонлик тарғиботига оид лойиҳаларни амалга оширяпти. Бундан ташқари курсдошлари билан китоб алмашинувини ҳам йўлга қўйган.

Келгусида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ёшлар учун янги иш ўринлари яратишни ният қилган.

Шаҳноза Нуруллаева

Мавзуга оид