19:21 / 16.04.2019
17719

Дербилар дербиси: Делие VS Гробари ҳақида

Фото: Koca Sulejmanovic/EPA

Футбол ўйинларига бўлган эътиборни ошириш, қўшимча тўқнашувлар яратиш, афишани кучайтириш учун «дерби» таснифи кўп ишлатилади. Ҳозир ҳам, дербиларнинг бошқа оддий учрашувлардан фарқи бор – бир ҳудуднинг икки жамоаси ўртасидаги учрашувлар ўзига яраша зиддият билан ўтади. Милан, Ливерпуль, Истанбул, Мадрид, Рим дербилари, масалан, турнир жадвали ёки жамоалар ҳолатидан қатъи назар кескин курашларга бой бўлади.

Аммо бугунги кунларда бу ном аксарият ҳолларда маркетинг, футболни тарғиб қилиш, мухлисларни жалб қилиш йўлида клубларга, ҳомийларга қўл келса-да, бир пайтлар бундай бўлмаган. Аксинча, футболдан инсонларни узоқлаштириш, совишга, ҳаттоки қўрқишга олиб келган даврлар ҳам бўлган.

Эътиборингизни футболдаги энг қонли, зиддиятли ва ашаддий дербилардан бирига қаратамиз.

Бугунги ҳикоямиз «Делие ва Гробари», яъни шарқий Европанинг икки клуби – «Црвена Звезда» ва «Партизан» фанатларининг ўзаро қарама-қаршиликлари тўғрисида бўлади.

Image
Фото: REUTERS

Брюссель. 1966 йил. Бутун Европа чемпионлар кубоги финалида «Реал»га имкониятни бой берган «Партизан» клуби фанатларининг безориликларидан ҳайратда. Брюссель стадионидаги улоқтирилган ўриндиқлар, ойналари чилпарчин бўлган магазинлар буюк нафрат ва жоҳилликнинг оқибати ўлароқ соқов гувоҳга айланган эди. Аммо худди шу ҳолат ярим асрдан бери Белградда бўлиб ўтадиган даҳшат олдида ҳеч нарса эмасди. Ҳар йили икки марта кузатиларди шундай ҳолатлар.

1945 йилда, Белград озод этилиб Тито режими ҳукм сура бошлагач, собиқ Югославия давлати пойтахти Белградда, кейинчалик Болқон футболини тарихида катта ўрин тутган икки клуб ташкил этилди. Озодлик ҳаракатчилари шарафига «Партизан» номини олган клуб ҳукумат жамоаси позициясида эди. Бу ҳолатни олдинроқ, Италияда Муссолини бошқаруви пайтидаги «Лаци«» ёки кастилиялик диктатор Франко давридаги «Реал» ўлароқ футбол тарихи кўриб улгурган эди. 

Иосиф Броз Тито ўзининг партизанлик ўтмишига алоҳида урғу берди ва «Партизан»нинг раҳнамоси сифатида гавдалана бошлади, жамоанинг халқаро юриши эса 1950-йиллар охирига тўғри келди. Ўшанда партизанчилар Жанубий Америкада ташкиллаштирилган халқаро турнир финалида «Ювентус» устидан ғалаба қозонган эди.

«Ювентус» президенти синьор Аньелли «Партизан» жамоаси ўйинларидан шунчалик завқ олдики, оқибатда у «Юве»нинг оқ-қора либослари комплектини жамоага совға қилди. Ўша пайтларда югослав клублари мамлакат байроғига урғу беришар ва асосан қизил, оқ ва кўк ранглардан фойдаланар эди. Кучли клубнинг эътирофини қабул қилган «Партизан» оқ-қора либосни ўзининг анъанавий либосига айлантирди ва «Гробари», яъни «Тобутчилар» лақабини олди. Бундай даҳшатли ном албатта жамоанинг ашаддий фанатларини ҳам хурсанд қилди, жамоага тегишли атрибуткалар, «ҳайқириқ сўзлари» ўзгартирилди. Фанатлар янги шиор ўйлаб топдилар – «Барча душманларни қабрга кўмамиз».

«Партизан»дан фарқли равишда «Црвена Звезда» «халқ жамоаси» мақомини олганди. Жамоа мухлислари рақибиникидан бирмунча кўпроқ, аммо у қадар уюшмаган эди. Европада 1959 йилда пайдо бўлган «гробаричилар» 7 йил ўтибоқ, юқорида эслаб ўтганимиздек Брюссель аҳолисини таҳликага солган бўлишса, «Црвена Звезда» мухлислари узоқ йиллар сояда қолишди. 80-йилларга келибгина, Югославияда коммунистик режим емирила бошлагач, «Црвена Звезда»нинг икки катта фан-клуби - Red Devils («Қизил иблислар») ва Zulu Warriors («Зулу жангчилари») бирлашди.

Фото: AFP

Янги гуруҳ «Делие», яъни «Қаҳрамонлар» номини олди. Қизиғи, «делие» сўзи туркчадан келиб чиққан, кўпроқ «тентаклар» маъносини англатади. Шунинг учун ҳам уларни «душманлар» кўпроқ «циганлар» деб аташади ва «Убий Цигу» («Циганларни ўлдир») баннери гробаричиларда энг машҳурдир.  

Айнан 80-йилларда фанатлар ўртасидаги келишмовчиликлар бутун Европа бўйлаб авж олганди, турли миллат ва элатлар яшайдиган Югославияда бу ҳолат янада кескинроқ ўтганини тахмин қилиш қийин эмас. «Гробари» ва «Делие» ўртасидаги улкан адоват 1989 йилга келиб расмий кўриниш олди. Юридик шахслар сифатида руйхатдан ўтган ҳар икки уюшма йилдан–йилга куч тўплай бошлаган ва уларнинг энг асосий мақсади ривожланишдан кўра рақибини ерга уриш эди.

Икки гуруҳ ўртасидаги илк катта тўқнашув 1989 йилги дербида кузатилди. Ўйининг сўнгги дақиқасида «Црвена Звезда» ғалаба тўпини киритади ва «Делие» хурсандчилигини майдонда нишонлашни истаб қолади. 250га яқин фанатлар қўриқчилар тўсиғидан ўтиб майдонга тушиб кетишади ва «йўлда» улар «Партизан» футболчиларига ҳам ўз нафратларини изҳор қилишга улгуришади. Табиийки, «Гробари»нинг жавоби узоқ куттирмади, 400дан ортиқ фанат майдон ичида катта муштлашув бошланди. Оқибат «Црвена Звезда»нинг бир мухлисининг ўлими, 17 нафар полициячи ва 25 нафар ўйингоҳ хизматчисининг тан жароҳати билан якун топди. Тўқнашувлар ташқарида ҳам давом этди, ҳар икки жамоанинг уй стадионлари жойлашган Аутокоманда райони ҳозиргина зилзиладан чиққан шаҳарни эслатарди. Энг ачинарлиси, футболга мутлақо алоқаси бўлмаган аҳоли ҳам офатдан четда қолмасди. Энг ачинарлиси, ўз «биродарлари»нинг ўлимидан қаттиқ «қайғуга тушган» «Делие» аъзолари таъзия маросимида қасос албатта олинажаклигини таъкидладилар. Қасос кечикмади, лекин кимдан?

Навбатдаги дербида «Маракана»дан (стадионнинг «делиечилар» ўтирадиган жанубий қисми шундай аталади) «гробаричилар» жойлашган секторга қарата ракета отилди ва яна бир инсон оламдан кўз юмди. Қонга қон, жонга жон!

Ўзаро жанжаллардан ташқари ҳар икки тараф бошқа клублар билан ҳам турли тўқнашувларда қатнашиб ўз тажрибаларини ошириб борардилар. Масалан, 1990 йилда «делиечилар» Загребда тўполон уюштирадилар. Жуда кўп мусулмонлар яшайдиган Сараевода эса улар трибунада «Сараеводан Эронгача мусулмонлар қабристони бўлади» деб ёзилган катта баннерни кўтариб оладилар.

1991 йилда «Црвена Звезда» Европа Чемпионлар лигаси финалига чиқади. Албатта бу «Гробари»нинг жаҳлини чиқармай қўймасди, навбатдаги дербида уларнинг ягона мақсади ўйинни барбод қилиш эди ва улар буни уддалади. Олтмиш минг кишини ўз бағрига оладиган стадион қайнаб турган қозонни эслатиб юборарди. Зиналарда ҳам, ерда ҳам, ҳатто бир-бирларининг тиззаларида ҳам ўтиришарди, ўйингоҳ камида саксон минг мухлисни ўз бағрига олганди.

12-дақиқадаёқ «гробаричи»лардан бир нечтаси майдонга тушиб келади ва «Црвена Звезда» футболчиларига ҳужум қиладилар. Тартибни сақлаш ходимларининг аралашувлари ҳам вазиятни назорат қила олмайди, танаффусгача меҳмонлар бир нечта тўсиқларни бузишга ва полициячилар билан тўқнашувларга улгурадилар. Иккинчи бўлимда, тартибсизликлар авж ола бошлагач, ниҳоят, «Црвена Звезда» фанатларининг ҳам сабр косалари тўлади. Тахминан олти мингга яқин «делие» «Партизан» мухлислари ўтирган секторга босқин уюштиради ва чинакамига хунрезлик бошланади. Тўқнашув ҳақиқатдан ҳам жуда қаттиқ бўлганди, бутун тун давомида ўнлаб машиналар стадион ва касалхоналар ўртасида бир неча марталаб қатнадилар.  

 Мамлакатдаги муҳит кундан-кунга ёмонлашиб борарди, УЕФА ўзи шундоқ ҳам парчаланиб бораётган мамлакат ҳудудида ҳар қандай футбол мусобақасини ўтказишни тақиқлади, аммо бу қотилларга футбол керак бўлмай қолганига анча бўлганди. Ўзаро тўқнашувлар стадион қолиб, энди шаҳарда давом этар, сабаб мавҳум, ният мавҳум, мақсад мавҳум, аммо сафдош ва душман аниқ эди бу урушда - «Гробари» ва «Делие».

 Аввал мингга яқин «гробари»чилар душманнинг асосий марказларидан бири «Сербия» ресторанига ҳужум уюштирадилар ва қамалга оладилар, қарши тарафга эса автобусларда четдан ёрдам кела бошлайди ва магазин яқинида катта тўқнашув бошланади. Полиция бу жанжалга аралашмасликни маъқул кўради. «Сербия» ресторани бутунлай яксон қилинади, ўнга яқин инсон ҳаётдан кўз юмади.

1991 йилнинг февралида «Гробари» вакилларининг жиноятини эса футбол тарихи умуман кўрмаган. Улар «Делие» фирмаси етакчиларидан бирини ўғирлаб кетадилар ва икки ҳафтага яқин вақт давомида ертўлада сақлайдилар. Унга худди асирлардек муомала қилинади, ҳайвон каби номусига тегадилар ва энг охирида қулоғини кесиб ташлайдилар.

Югославияда бошланган фуқаролар уруши ҳам бу қарама-қаршиликка барҳам бера олмайди. Уларнинг энг асосий мақсади ўз сафларини мустаҳкам ушлаб туриш ва керакли пайтда рақибга зарба бериш эди. «Делиечилар» ўзларини Серб ерини муҳофаза қилувчилар сифатида кўрадилар ва Кўнгилли Серб Гвардиясини тузадилар. Гвардияга «Делие»нинг энг асосий фигураларидан бири, деярли барча тўқнашувларнинг иштирокчиси Аркан бошчилик қилади. Гвардия асосан хорватлар ва мусулмонларни қатл қилиш билан «шуғулланар», шунингдек эски душманларидан ўч олишни унутмас эди. Миш-мишларга қараганда урушдан бир неча кун олдин «делиечилар»нинг икки вакили – 11 ва 12 ёшли ўсмир ўлдириб кетилади ва табиийки, марҳум қариндошлари жиноятнинг айбдорлари «Гробари» аъзолари эканлигига шубҳа қилмайдилар. Натижада улар мамлакат бўйлаб «гробаричи»ларни таъқиб қилишни бошлаб юборадилар. Етакчи Арканнинг ўлими эса гуруҳга катта муваффақият олиб келади, марҳум салкам серб қаҳрамонига айланади, гуруҳ эса Европада машҳур бўлиб кетади. 1992 йилга келиб Сербия ўз миллий чемпионатига эга бўлади, яъни на боснияликлар, на хорватлар энди уларга рақиблик қила олмайдилар. Фақат иккита душман қолади. Ўша «Гробари» ва ўша «Делие».    

Сербия чемпионатининг илк дербиси ҳам фожиа билан тугайди. Ўйин бошидаёқ икки тараф майдонга тушиб келади ва футболчилар бир четда қолиб ўзаро ғолибни аниқлашни бошлаб юборадилар. Бу сафар «Гробари» ғалаба қозонади, орқага қараб қочаётган рақиб эса қуруқ кетмайди, ўзлари билан боши мажағланган «душман»ни олиб қочадилар. У орадан 4 соат ўтиб касалхонада вафот этади.

1992 йилнинг октябрида «Гробари» яна ғалаба қозонади, одатда арматура, пичоқ ва бошқа қуроллар ишлатиладиган тўқнашувда улар гранаталарни ва кўздан ёш чиқарадиган газни ҳам ишга соладилар.

 Анча заифлашганликларини сезган «делиечилар» ён беришни исташмасди, 1994 йилда «Делие» фирмаси қайтадан ташкил қилинади, гуруҳга эса Арканнинг беваси, нафрат нималигини ва уни кимга қарши ишлатишни яхши биладиган Цеца бошчилик қилади. Футбол аллақачон унутилганди. Кейинги ўйинларнинг бирида «делиечилар» бутун майдонни босиб ўтиб рақиб секторига ҳужум уюштирадилар, натижада 3 нафар «душман» вафот этади. Агар полиция ўз вақтида аралашмаганда қурбонлар сони бир неча баробар кўп бўлиши аниқ эди.  

Йил ўтган сайин мамлакатдаги ҳолат изига туша бошлади ва табиийки, бу каби тартибсизликларга қаттиқроқ чора кўрила бошланди. Жумладан, Сербия Спорт вазири Слободан Вуксанович прокуратура ва тартибни сақлаш ходимлари билан ўтказилган кенгашда полиция шу давргача стадионлардаги безориликларга масъулиятсиз қараганлигини таъкидлаб ўтди ва қуйидаги баёнот билан чиқади: «Трибунадаги биргина ўриндиқни синдирган ҳар қандай мухлис икки ойлик муддатга қамоққа олинади, жиддийроқ тарздаги ҳаракатлар учун эса олти ойдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини тавсия қиламан».

Ҳозирги кунга келиб Белграднинг бу икки катта ташкилотлари ўртасидаги тўқнашув бироз юмшаган. Ҳар ҳолда бир неча йилдан бери ҳеч ким вафот этгани йўқ. Энг сўнгги қурбон 2001 йилда, қайта қурилган «Сербия» ресторанида пичоқланган Фальке исмли «гробаричи» эди.

Аммо бу ҳолат ҳеч кимга хотиржамлик тақдим эта олмайди, ўртадаги самимият ясама эканлигини пайқаб олиш у қадар катта қийинчилик туғдирмайди. Ҳар икки тараф қонга тўлган Аутокоманда кўчаларини ҳам, трибунадаги жасадлар ҳамни ҳам, йиғидан кўзларида ёш қотиб кетган Цеца каби беваларни ҳам жуда яхши эслайди.

Футбол эҳтиросларни бошқарадиган, бир муддат инсон кайфияти устидан ҳукмронлик қила оладиган кучга эга. Аммо у инсондан кучли эмас, уни бошқара олмайди. Пичоқда мева ёки одамнинг қулоғини кесиш танлови ҳам аввало инсоннинг ўзида. Қачонки, инсон доимо ҳаётда ўз ғояси ва улуғ инсонийлик мафкураси билан яшасагина ўткинчи кайфият ва мақсад асирига айланмайди, вазиятнинг қули бўлган манқурт каби ҳаёт кечирмайди. Ҳақиқий футболдан завқ олади, уни оламни ва инсонлар ўртасидаги муносабатларни янада гўзал ва самимий қила оладиган қуролга айлантира олади.   

Хулоса ўзингиздан. Огоҳ бўлайлик.
Қаҳрамон Асланов

Top