Ўзбекистон | 19:22 / 17.04.2019
52126
2 дақиқада ўқилади

«400 минг доллар пора олишда айбланаётган собиқ ҳоким иши юзасидан суд жараёни очиқ кўрилмоқда, фақат...». Суд раиси брифингда изоҳ берди 

Бугун, 17 апрель куни, Тошкент шаҳар судлари раисларининг 2019 йилнинг 1-чорагида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари юзасидан брифинги бўлиб ўтди. Суд раисларининг ахбороти тингланганидан сўнг, жамоатчиликни қизиқтирган саволлар юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Бахтиёр Исломов Юнусобод тумани собиқ ҳокими, судланувчи Бахтиёр Абдусаматов ва бошқалар юзасидан берилган саволларга жавоб бериб ўтди.

«Бу иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция судида кўрилмоқда. Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов иш юритувида. 

Ҳозирда Бахтиёр Абдусаматов (Юнусобод туман ҳокими лавозимида ишлаган), Ўлмас Мухамедсаидов (вақтинча ишсиз) ва Шохрух Маликовларга (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК бош директори лавозимида ишлаган) нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловлар юзасидан суд иши олиб борилмоқда. 

Уларга нисбатан пора олиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик, пора беришга қизиқтириш ва бошқа айбловлар эълон қилинган. Жиноят ишини кўриш январь ойида бошланди. Иш очиқ суд жараёнида олиб борилмоқда. Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Оммавий ахборот воситалари бемалол қатнашиши мумкин. Ҳозир суд тергови давом этмоқда.

Лекин барча оммавий ахборот воситалари айбсизлик презумпциясига амал қилиши керак. Айби суд тартибида исботланмагунча, шахсни порахўр деб аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, у айбсиз ҳисобланади. Баъзи оммавий ахборот воситалари айбсизлик презумпциясига амал қилмаяпти. Улардан қонунчилик билан танишиб чиқиши ва унга амал қилишини талаб қиламиз», - деди Бахтиёр Исломов.

Бундан олдин, Тошкентда Юнусобод тумани собиқ ҳокими иши бўйича суд бўлиб ўтаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид