22:58 / 17.04.2019
4041

Санъат арбоби Жўра Маҳмудов: «Жамиятдаги муаммоларни қаламга олишда драматургиямиз оқсаяпти» 

17 апрель куни Ёш томошабинлар театрида «Бизнинг театр» илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда театр илми мутахассислари, санъаткорлар ва театр ихлосмандлари иштирок этишди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.  

Тадбирни расман очиб берган Маданият вазирлиги драматургия шўъбаси раҳбари Ҳайитмат Расул Ёш томошабинлар театрини республика театрлари ўртасида энг самарали фаолият кўрсатаётган театрлардан бири, дея эътироф этди. 

«30 йилларда энди фаолиятини бошлаган Ёш томошабинлар театри жамоаси сайёр тарзда жойма-жой юриб, спектакллар кўрсатарди. У пайтда асосан рус драматургларининг асарлари саҳналаштириларди. 40-йиллардан кейин ўзимизда ҳам пъесалар яратила бошланди. «Ёрилтош», «Ким тўғри?», «Зумрад ва Қиммат» саҳна юзини кўрди. Аммо ҳозирги драматургия борасида бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. Ҳозирги замон қаҳрамонининг портретини кўрсатиб берувчи чин маънодаги яхши спектакллар яратилмаяпти ҳисоб. Замондошлар ҳаётидан лавҳалар, жамиятда мавжуд, ҳамма учун бирдек тааллуқли муаммоларни қаламга олишда драматургия оқсаяпти. Ёшларимиз театрдан узоқлашиб қоляпти. Репертуар яна такрор ва такрор саҳналаштирилган халқ эртакларидан иборат бўлиб қолмоқда»,  — дейди анжуманда сўзга чиққан санъат арбоби, Санъат ва маданият институти профессори Жўра Маҳмудов.

Анжуман доирасида «Широқ», «Сеҳрли лайлак», «Оловуддиннинг сеҳрли чироғи», «Нинза тошбақалар» каби спектакллардан парчалар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. 

27 март ─ Халқаро театр куни муносабати билан март ойидан бошлаб республика театрларида «Бизнинг театр» илмий-амалий анжуманини ўтказиш белгиланган эди. Миллий театр, Муқимий театри, Драма театрларидан сўнг тўртинчи анжуман Ёш томошабинлар театрида ташкил этилмоқда. Анжуманлар доирасида ҳар бир театрнинг тарихи, ижодий жамоаси билан таништириш ҳамда театрлар репертуарининг энг сара намуналаридан парчалар кўрсатиш режалаштирилган. 

Жорий йилда илк маротаба ўтказилаётган мазкур анжуман кейинчалик анъанавий тарзда ўтказилиши белгиланган. Анжуманни ўтказишдан мақсад халқни театрлар ҳаёти билан яқиндан таништириш ва уларни санъатнинг бу соҳасига қизиқтиришдир. 

Маълумот учун, Ёш томошабинлар театри 1929 йилда Тошкентда рус ёш томошабинлар театри таркибидаги ўзбек қўғирчоқ труппаси таркибида ташкил этилган.Театрнинг биринчи режиссёри ва актёри Нурхон Эшмуҳаммедов. 1930 йилда театр ўз спектакллари орқали профессионал даражага кўтарилди. 1947 йилда фаолиятини вақтинча тўхтатди ва 1948 йилда қайта ташкил қилинган театр олдинги спектаклларни тиклаш билан бир қаторда эътиборни асосан эртак жанрига ва мумтоз асарларга қаратди.

Мавзуга оид
Top