Жаҳон | 19:38 / 17.04.2019
52292
10 дақиқада ўқилади

Турли давлатларда эски уйларни бузиш қандай амалга оширилган?

 Ўзбекистонда пойтахтнинг ўзига хос реновацияси бошланди. Уйларни бузиш муаммоси кўпчиликка дахл қилмоқда. Тез орада ҳокимлик Тошкент шаҳрининг янги бош режаси концепциясини тақдим этиши лозим.

РБК нашри жаҳон мамлакатларида эски уйларни бузиш муаммоси қандай ҳал қилиниши ҳақида мақола тайёрлади. Айни пайтда бу муаммо Россияда ҳам долзарб ҳисобланади.

 Пекиннинг марказий районлари реновацияси. Сабаблар

1980-йиллар охирларига келиб, Хитой пойтахти марказидаги уйларнинг аксарият қисми хароб аҳволга келиб қолганди. Аҳоли турмуш тарзи ҳавас қилгудек эмасди: 1985 йилда Пекиндаги хонадонларнинг ярмидан кўпи ўз ошхонасига, 60%дан ортиғи шахсий ҳожатхонасига эга эмасди ва оилаларнинг ярмигина сув тизимига эга эди. Киши бошига ўртача 8,7 кв. метр яшаш майдони тўғри келарди. Марказий районларда айниқса уй-жой муаммоси долзарб эди.

Фото: Greg Baker / AP

Пекиннинг марказий районлари реновацияси. Жараён

1987-1990 йилларда шаҳар ҳукумати бир нечта марказий кварталларда синов реновация дастурини ўтказди, 1990 йилга келиб эса марказдаги эски биноларни бузиш ва қайта қуриш бўйича тўлиқ миқёсдаги дастурни йўлга қўйди. Бўшаган участкалар ўрнига кўп хонадонли уйлар ва тижоратга мўлжалланган бинолар қуриш режалаштирилди. Асосий вазифа реновация лойиҳаларини молиялаштириш ва амалга ошириш учун девелоперларни жалб этиш эди. ҳукумат дастурини амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи махсус хизмат ташкил этилди. Муниципалитет вазият нисбатан оғир бўлган тўртта район учун 200 млн юань (37 млн доллар атрофида) ажратди, девелоперлар эса солиқ имтиёзларига эга бўлишди.

1980-йиллар охиридаги хусусий инвестиция учун шароит яратган ердан фойдаланиш ислоҳоти дастурни ўтказишга хизмат қилди: ерга эгалик ҳуқуқи билан операциялар ўтказишга рухсат берилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳукумат молиявий ислоҳотлар фонида ердан фойдаланиш ҳуқуқини сотиш имкониятига эга бўлди, бу эса инфраструктурани инвестициялашда қўшимча даромад билан таъминлади.

Фото: Brent Lewin / Bloomberg

Пекиннинг марказий районлари реновацияси. Натижа

Қайта қуриш аксарият бинолар эскирган деб топилган бутун бошли кварталларда ўтказилди. Аввалига ўтказилган тадқиқотларда умумий майдони 16,12 млн кв.м. бўлган бинолар реновация қилиниши аниқланди. Дастурнинг тўртга бўлинган биринчи босқичида 710 минг киши яшайдиган умумий майдони 7,25 млн кв.м. бўлган кварталлар реконструкция қилинди. Реконструкциядан сўнг ушбу ҳудудда қурилган майдон 15,6 млн кв. метрни, жумладан, 11 млн кв. метр яшаш майдонини ташкил этди. 1999 йил охирига келиб 160 мингдан ортиқ оила кўчирилди, уларнинг 43,8%и бошқа районлардан уй-жойга эга бўлди. 2001–2005 йилларда яна 340 минг оила кўчирилиши кутилаётгани маълум қилинди.

Реновация дастури Пекиннинг марказий районларида инфраструктуранинг янгиланиши ва тижорат кўчмас мулклари қурилиши учун шароит яратди. Бундан ташқари, аҳолининг ночор қатлами яшаш шароити сезиларли даражада яхшиланди, чунки дастурни амалга оширишнинг қизғин палласида хоналар сонини оширган ва уй-жой қурилиши санитар нормаларини яхшилаган «Қулай уй-жой миллий лойиҳаси» қабул қилинди. Дастурни амалга ошириш вақтида Хитойда иқтисодий ўсиш ва қурилишнинг жадаллашиши кузатилди. Миллий статистика идорасининг маълумотига кўра, 2005-2010 йилларда Пекинда 300 млн кв. метрдан ортиқ иншоот қурилди, бу бутун мамлакатда ўша даврда қурилган барча бинолар умумий майдонининг 2-3%ини ташкил этади.

Фото: Scherl / Global Look Press

АҚШда эски уйлардан воз кечиш дастури. Сабаблар

Буюк депрессия ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Америкада хароба уйларни йўқотиш ва йирик шаҳарларни қайта режалаштириш муаммоси юзага келди. Бу чоралар иқтисодий ўсишни тезлаштириш учун зарур эди. Мазкур муаммо 1948 йилги сайловларда мамлакатдаги ҳар икки партия дастуридан ўрин олганди. 

Фото: Bill Chaplis / AP

АҚШда эски уйлардан воз кечиш дастури. Жараён

Кенг миқёсдаги дастур 1949 йилда уй-жой тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан сўнг бошланди. Дастур шаҳар ҳокимиятига шаҳарни қайта қуриш лойиҳасидан келадиган соф даромаднинг 60-75%ини ташкил этувчи грантлар ажратилишини кўзда тутарди (ерни сотиб олиш, аҳолини кўчириш ва уйларни бузиш қиймати минус қурилиш учун тозаланган майдонларни сотишдан келадиган фойда). Бундан ташқари, қонун ипотека бозорига давлат суғурта қўллаб-қувватловини тақдим этарди.

Уй-жой фондини модернизация қилиш билан шуғулланиш ҳуқуқини олган агентлик тузилди: у реновация талаб қилинадиган участкани аниқлар, жамоатчилик тингловини ўтказар, маҳаллий ва федерал ҳукуматдан модернизация лойиҳасини яратишга розилик оларди. Битта лойиҳани амалга ошириш учун бир неча йилдан вақт кетди. 1966 йилга келиб 300 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган умумий майдони 230 кв.кмдан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ иншоотларни бузишга рухсат олинди. Тозаланган майдондан уй-жой (35%), кўча ва шосселар (27%), саноат (15%) ва тижорат қурилиши (13%) ҳамда давлат эҳтиёжлари учун (11%) фойдаланиш режалаштирилганди. Ушбу дастурни молиялаштириш тўхтатилган 1974 йилга қадар 2,1 мингдан ортиқ реновация лойиҳаси учун 51 млрд долларга яқин (2007 йилги нарх бўйича) грант ажратилди.

Фото: Global Look Press

АҚШда эски уйлардан воз кечиш дастури. Натижа

Дастур кўплаб қарама-қаршиликларга эга эди ва жамиятда норозиликларга сабаб бўлди. У аҳолининг фақатгина қашшоқ қатламига тегишли эканлиги, мулк ҳуқуқидан маҳрум қилишда суиистеъмолчиликларга олиб келганлиги, бутун бошли шаҳар тизимларининг бузилиб кетишига, районларнинг тарихий қиёфаси йўқолишига сабаб бўлганлиги қайд этилди. 

Дастурни амалга ошириш натижасида кўплаб шаҳарлар реструктуризация қилинди, кўчмас мулк бозори ва аҳоли масканларининг ижтимоий тузилмаси ўзгарди. Унинг иқтисодий оқибатлари ҳалигача ўрганилмоқда.

Фото: Global Look Press

Бразилияда янги уйлар қурилиши. Сабаблар

2010 йил бошидаги маълумотларга кўра, Бразилияда мамлакат аҳолисининг 6%га яқини истиқомат қилувчи 6,3 мингдан ортиқ фавел бўлган. Етти миллион оила яшаш шароитларининг яхшиланишига эҳтиёжманд бўлган. Бразилиядаги юқори даражадаги урбанизация ҳамда қурилиш соҳасини ривожлантириш зарурияти ҳам янги уйлар қурилишига асос бўлган. Фавелларнинг яна бир ўзига хос жиҳати, уларда жиноятчилик даражаси жуда юқори бўлиб, бунга қарши янги яшаш кварталлари қуриш орқали курашиш мумкин деб тахмин қилинганди.

Фото: Bruno Domingos / Reuters

Бразилияда янги уйлар қурилиши. Жараён

2009 йилда ёппасига арзон уйлар қуриш дастурини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. У Minha Casa, Minha Vida («Менинг уйим, менинг ҳаётим») деб номланди. Биринчи босқичда $17,5 млрд ажратилиб, 1 млн.та хонадон қуриш режалаштирилди. Иккинчи босқич 2011 йилда бошланди —2 млн.та квартира қуриш учун $35,1 млрд ажратилди. Дастурда аҳолининг ночор қатламига янги уйлар сотиб олиш учун имтиёзли ставкаларда кредит тақдим этиш кўзда тутилганди.

Президент Дилма Русеффнинг истеъфосидан сал олдин уй-жой қурилиши учун яна 60 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратилиши маълум қилинди, аммо амалда 2015 йил ўрталарида маблағ етишмаслиги сабабли жараён тўхтаб қолганди. Янги ҳукумат молиялаштиришни қисқартириб ва уни манзилли қилиб дастурни давом эттирмоқчи эканлигини билдирди. 

Фото: Ricardo Moraes / Reuters

Бразилияда янги уйлар қурилиши. Натижа

2017 йил апрель ойи ҳолатига кўра, сўнгги 12 ойда мамлакатда қурилган уйларнинг 80%дан ортиғи Minha Casa, Minha Vida улушига тўғри келган. Янги кварталлар қуришдан ташқари, фавелларда 2008 йилдан буён уюшган жиноятчиликка қарши фаол кураш олиб борилмоқда.

Дастур шаффоф эмаслиги ва коррупция боис мунтазам танқид қилинган, бундан ташқари, уларнинг сифати ҳам танқид остига олинган. Сўровларга кўра, Рио-де-Жанейронинг 10% аҳолиси Minha Casa, Minha Vida лойиҳасини қўллаб-қувватлаган. Шаҳарликлар хонадонларнинг кичик ўлчами, зарур инфраструктуранинг йўқлиги ва янги яшаш кварталлари узоқлигидан шикоят қилишган. Аммо бу камчиликларга қарамасдан, экспертларнинг фикрича, янги уйлар қурилиши яшаш шароитларини яхшилашга зарурати бўлган оилалар сонини камайтирган.

Фото: Edwin Reichert / AP

Шарқий Германиядаги шаҳарлар реконструкцияси. Сабаблар

Германия бирлашганидан сўнг ГДРда маънавий эскирган уйлар муаммоси юзага қалқиб чиқди. Уйлардан фойдаланиш катта харажатларни талаб қилар, улардаги иситиш тизимлари эскирган, лифтлар йўқ эди. XXI аср бошига келиб Шарқий Германияда 1 млнга яқин ташландиқ бинолар  мавжудлиги маълум бўлди, бу уй-жой фондининг 13%га яқинини ташкил этарди.

Фото: Samot / Global Look Press

Шарқий Германиядаги шаҳарлар реконструкцияси. Жараён

2002 йилда Германия ҳукумати янги  федерал ерларда, кейинчалик Ғарбий Германияда шаҳарсозликни молиявий қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширди. Асосий мақсад ортиқча майдонларни қисқартириш ва яшаш шароитларини яхшилаш учун биноларни реконструкция қилиш эди. Ташландиқ уйларни бузиш федерал ва маҳаллий бюджет ҳисобига амалга оширилди, биноларни реконструкция қилишда эса шаҳар ҳокимияти ҳам иштирок этди. 

Фото: Klaus Wagenhäuser / Global Look Press

Шарқий Германиядаги шаҳарлар реконструкцияси. Натижа

Ғарбий ва Шарқий Германиядаги шаҳарларни реконструкция қилишда 494 шарқий ҳамда 530 ғарбий шаҳар ва муниципал тузилмалар қатнашди. 2016 йилда ўтказилган тадқиқотларда дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилгани ўз исботини топди.

Реконструкция дастури биринчи навбатда у эски биноларни тиклаш эмас, бўш биноларни бузиб ташлашга қаратилгани  учун танқид қилинди.  

Мавзуга оид