21:48 / 18.04.2019
10848

Гулистон шаҳрида «Ўқитувчи» бренди остидаги биринчи «Bookkafe» очилди

Фото: Комил Алламжоновнинг фейсбук саҳифаси

Бугун, 18 апрель куни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида замонавий “Bookcafe” ва “Ўқитувчи” бренди остидаги китоб дўконининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мажмуа қисқа фурсат – икки ой ичида қуриб битказилди.

Унинг очилиш маросимида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, жамоатчиликни янги маърифат маскани билан қутладилар.

Фото: Комил Алламжоновнинг фейсбук саҳифаси

Гулистоннинг марказий ва гавжум кўчаларидан бирида фаолиятини бошлаётган ушбу мажмуа бир ойда 30-40 минг китобхонга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Эндиликда бу ерда ўқувчилар, талабалар ва барча китобхонлар ўзларига ёққан китобни танлаб, ўқиши ва харид қилиши мумкин. Эътиборлиси, дўконнинг ўқув зали одатдагига ўхшамайди. Яъни ушбу ўзига хос кафе-кутубхонада (Book cafe) китоб ўқиш билан бирга кофе ва салқин ичимликлар истеъмол қилиш мумкин.

Ушбу лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, китоб дўконидаги 10 мингдан ортиқ бадиий адабиёт ва бошқа китобларнинг барчаси Агентлик тизимига қарашли нашриётлардан тўғридан-тўғри олиб келинмоқда.

— Келгусида бу лойиҳани бутун юртимиз бўйлаб амалга оширишни режалаштирганмиз, — деди Агентлик раҳбари Комил Алламжонов. — Демак, китобхонликнинг “Сирдарё тажрибаси” мамлакатимиз бўйлаб кенг оммалаштирилади. Ўйлайманки, бу барча китобхонлар, айниқса, билимга чанқоқ ёшларимизга манзур бўлади. 

Фото: Комил Алламжоновнинг фейсбук саҳифаси

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида ўтказилган йиғилишда китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича концепция лойиҳасини маъқуллаб: “Маънавиятимиз, ғурур-ифтихоримиз биринчи ўринга чиқадиган вақт келди. Фарзандларимизни ана шундай етук авлод қилиб тарбиялаш учун барчамиз масъулмиз. Биз бунинг учун маблағ ва вақтни аямаймиз, бор имкониятимизни ишга соламиз”, дея таъкидлаган эди. 

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишни янги босқичга олиб чиқишдир. Ана шу ташаббус доирасида ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналарини очиш режалаштирилмоқда.  

Фото: Комил Алламжоновнинг фейсбук саҳифаси
Top