22:09 / 18.04.2019
37769

Ортиқхўжаев дипломатлар ва ҳуқуқ фаоллари билан учрашувга нега келмагани сабаби маълум қилинди

15 апрель куни Тошкентда ғарб дипломатлари, халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистонда фуқаролар ва тадбиркорлар норозиликларига сабаб бўлаётган уйлар бузилиши муаммоларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимлигидан вакил иштирок этмади ҳамда бу ҳолатга айрим оммавий ахборот воситаларида алоҳида урғу берилди. 

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувга 12 апрелда ёзилган таклиф хати ҳокимлик канцеляриясига 15 апрель куни эрталаб ташлаб кетилган. Ҳокимият иш регламентига кўра, кун давомида қабул қилиб олинган мурожаат ва таклифлар ҳамда бошқа хат-ҳужжатлар рўйхатга олиниб, тегишли масъуллар белгиланиб, ҳокимнинг котибиятига йўналтирилади. Йиғилган корреспонденция кун охирида тегишли топшириқ ва жавобларни олиш учун ҳокимга тақдим этилади. 

«Шуни инобатга олган ҳолда учрашув бўйича таклифни 3-4 кун олдин жўнатиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Йўлланган хатнинг услуби ҳам жиддий ёндашувга ундайдиган тарзда битилмаганини унинг қуйидаги нусхасидан ҳам билиб олса бўлади. Шаҳар ҳокимининг иш режаси олдиндан белгиланганини ҳисобга олиб, ташкилотчилар учрашув кунини ҳокимият масъуллари билан олдиндан мувофиқлаштирганда, ҳозирги вазиятга ўхшаган тушунмовчилик рўй бермас эди», - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, хат “Гуманитар хуқуқ маркази” директори томонидан имзоланган бўлиб, унда ташкилотнинг аниқ манзили, телефон рақами йўқлиги сабаб, унинг фаолияти қонуний ёки ноқонуний эканлигини аниқлашнинг имкони йўқ. 

«Хатда ёзиб қолдирилган рақам орқали ҳам учрашув ва унинг ташкилотчиси хақида тўлиқ маълумот олишнинг иложи бўлмади. Учрашув ташаббусчиларига кейинги сафар пухтароқ тайёргарлик кўришни тавсия қилган бўлардик. Зероки, шаҳар ҳокимининг номаълум ташкилот уюштираётган номаълум учрашувга зудлик билан етиб боришининг эҳтимоли жуда паст», - дейилади ҳокимлик матбуот хизмати томонидан.

Тошкент шаҳар ҳокимияти мулоқот учун очиқлигини маълум қилган ҳолда инсон ҳуқуқлари бўйича фаоллар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари билан тегишли мавзуларда ҳамкорлик қилишга, биргаликда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга тайёрлигини билдирган. 

«Айнан шу мавзуларни биргаликда ўрганиб чиқиш ва муҳокама қилиш учун, шаҳар ҳокими аввал ҳам айтганидек, учрашув ташкил этилиши режалаштирилган. Унинг аниқ тафсилоти хақида шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати қўшимча хабар беради. Дезинформация ва шошилинч хулосаларни олдини олиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, блогер ва журналистларни улар қизиққан мавзуларда ўзаро алоқага чиқиб, мулоқот қилиб, вазиятнинг иккинчи томонини ҳам ўрганишга, жамоатчиликка аниқ маълумотлар тарқатишга, холис ёндашувга ва беғараз ҳамкорликка чақирамиз», - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этган Kun.uz мухбири шаҳар ҳокимлиги билан боғланиб, ҳокимликдан нима учун вакил қатнашмагани борасида изоҳ сўраганида, ҳокимлик вакили тадбир юзасидан таклифнома кеч етказилганини маълум қилганди.

Top