20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда қайд этилганидек, икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш йўналишида ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимизда тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, телемедицина, тиббий туризмни ривожлантириш каби кўплаб йўналишларда изчил ҳамкорликни алоҳида таъкидлаш жоиз.

Учрашувда Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги марказини ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми алоҳида аҳамият касб этиши айтиб ўтилди. Мазкур марказнинг очилиши икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, икки давлат мутахассислари ўртасида билим ва тажриба алмашинув фаоллашишига ёрдам беради. Шунингдек, Меморандумга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг бош режаси, шу жумладан, соҳанинг ҳуқуқий асослари, тиббиёт ходимларининг билимларини мунтазам такомиллаштириш, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги ҳамда тиббий туризм ва тиббий суғурта соҳасида мутахассислар алмашинуви бўйича қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилади.


Ўзбекистон-Корея форуми доирасида Соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид ўзаро англашув меморандуми, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея Халқаро ҳамкорлик жамияти «KOFIH» ўртасида имзоланган ишошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, шунингдек, Корея Республикасининг Кёнг Бук университети клиникаси ва Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг клиникалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани ҳам учрашувда алоҳида эътироф этилди.
Шу ўринда ҳамкорлик самараси ўлароқ, кўплаб йирик лойиҳалар изчил амалга ошириб келинмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳрида кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида ўхшаши йўқ тўртинчи авлод болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини бунёд этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Қиймати 130,58 миллион АҚШ долларини ташкил этган марказда ишлайдиган ходимлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.



















