18:16 / 21.04.2019
27221

Жарқўрғондаги аҳоли нега ўзи қазиган ичимлик суви қудуғидан фойдаланиши мумкин эмас?

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани «Ўрикли» маҳалласида истиқомат қилувчи Юсуф бобо Қулматов номидан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди.

Мурожаат мазмунига кўра, Юсуф бобо 2003 йилда ўз шахсий маблағлари ҳисобидан халқни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қаздирган ичимлик суви қудуғини расмийлаштиришда мурожаат қилмаган ташкилот қолмаган, бироқ муаммо ижобий ҳал бўлмай келмоқда.

Kun.uz мухбири вазият билан танишиш учун Жарқўрғон туманининг Ўрикли маҳалласида бўлди.

Чиндан ҳам, Юсуф бобо 2003 йилда экин майдони четидан 160 метр чуқурликдан қудуқ қаздириб, сув чиқарган. Маҳалла аҳли бир неча йилдан буён ундан фойдаланиб келган. Айни пайтда бир ярим йилдан буён қудуқ фаолият кўрсатмаяпти. Юсуф бобо қудуқ ишга тушиши, туман «Сувоқова» ДУК ташкилоти унинг ҳимоя зонасини белгилаб, ташкилот ўз ҳисобига расмийлаштириб олишини истайди. Мақсад — аҳоли ичимлик сувидан баҳраманд бўлишда давом этиши керак.

«Сувоқова» ДУК Жарқўрғон туман бўлими раҳбари Элмурод Тожимуродов ҳам етиб келиб, вазиятни тушунтирди:

— Аввало, ер ости сувлари йилдан-йилга пастга тушиб кетмоқда. Биз шу ердан сал нарироқдан аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш учун 240 метрдан сув бурғиладик. Чиққан сув шўр, ичишга яроқсиз бўлгани учун 265 метрдан сув чиқардик.

Жарқўрғон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Жовли Шопўлатов вазият юзасидан шундай фикр билдирди:

— Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда хавфсизлик масаласи ҳам турибди. Бундай ишлар белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Гидрогеологларнинг хулосаси албатта керак. Бу қудуқдан чиқадиган сув лабораториянинг ижобий хулосасини ололмаган. Бу — биринчидан.

Иккинчидан, мазкур қудуқ, суғориб ҳайдаладиган унумдор ер ҳудудидан қазилган. Аввало, бу мумкин эмас. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 30х30 метр ҳимоя зонаси ажратилади. Лекин бу қудуққа муҳофаза зонаси ажрата олмаймиз. Боз устига, гидрогеологларнинг ижобий хулосасисиз бу қудуқдан фойдаланиб бўлмайди.

Элмурод Тожимуродовнинг айтишича, мазкур ҳудудда давлат дастури асосида 859 миллион сўм пул ажратилиб, 8 км 22 метр қувурлар ётқизилиб, аҳолига ичимлик суви тарқатиш учун тизим тахт ҳолатга келтирилган. 25та кран (гусок) чиқариб қўйилган. Бу ишларнинг барчаси тасдиқланган лойиҳа асосида бажарилган. Сув таркиби ҳам барча талабларга жавоб беради. Яқин бир-икки кунда ишга тушириб юборамиз.

«Бу қудуқни ишлатиш учун уни янада чуқурроқ қазиб, сифатли сув қатламига етиш, сув минораси қуриш, унинг муҳофаза зонасини белгилаш керак. Буларнинг барчаси вилоят, республика даражасида ҳал қилинадиган ишлар», — деди Жовли Шопўлатов.

«Бу ердаги аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш учун, яқинда ишга тушадиган янги тизимга яна 100 метрча қувур улаб, мана шу қудуқ турган жойгача 32 диаметрлик ичимлик суви қувур тортиб берамиз, — деди «Сувоқова» ДУК Жарқўрғон туман бўлими раҳбари Элмурод Тожимуродов. — Мазкур қудуқни қайта ишга тушириш, ҳудуд хонадонларини тўлиқ ичимлик сув билан таъминлаш учун давлат дастурига қўшиш керак. Қўшимча бажариладиган ишлари бор».

«Тумандаги 200 минг аҳолининг 75 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Туманда ҳар йили тўртта сув минораси барпо этиш давлат дастури асосида амалга оширилмоқда. Уларнинг ҳар бири қарийб 3 минг аҳолини, жами 12 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминланмоқда. Эски ускуналар таъмирланмоқда, булоқларнинг кўзи очилмоқда. Секин-аста тумандаги барча маҳаллаларни қамраб оламиз», — дейди туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Жовли Шопўлатов.

Хуллас, мазкур қудуқни расмийлаштиришнинг ҳозирча имкони йўқлиги аҳолига тушунтирилди. Чунки, аввало сув таркиби талабга жавоб бермайди, аҳолини таъминлайдиган минора, сув қувурлари линиялари мавжуд эмас. Туман мутасаддилари аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш учун 100 метр қувур тортиб беришни ваъда қилишди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top