Ўзбекистон | 18:45 / 08.05.2024
7449
6 дақиқада ўқилади

Ичимлик суви етиб бормаган жойларга сув олиб борилади. Бунда фуқароларнинг назорати жуда муҳим

Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ичимлик суви ҳали ҳам муаммо. Ҳолбуки 2017-2022 йиллар учун ишлаб чиқилган режалар учун каттагина суммалар ажратилган эди. Нега сув ҳаммаёққа бормади? Нега 2017-2022 йилларда амалга оширилган 68 та лойиҳа, 2023 йилда амалга оширилган 200 дан зиёд лойиҳа самарасиз бўлди?

Мисол сифатида иккита ҳолатни келтирамиз:

  • Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани, “Дўнғон” маҳалласи: сув минораси қурилган, аммо кейин кесиб ташланган.
  • Янгийўл тумани, «Умид» махалласида ер ости сувлари яроқсиз ҳолда. Ичимлик суви сотиб олинади. Ўй ишлари учун ариқдан сув ишлатилади.

Муаммо нимада: ҳисоб-китобда хатолик борми, қурилиш меъёрлари ва қоидаларига амал қилинмаганми, якуний ишларни ким қабул қилган?

Стратегик ислоҳотлар агентлиги “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда 2 миллиард 350 миллион долларлик режа ишлаб чиққан. Шундан 1 миллиард 980 миллион доллар – халқаро молия институтлари кредит маблағлари ҳисобидан. Сўм эмас, доллар ҳақида гап кетяпти – ичимлик суви етиб бормаган маҳаллаларга сув етказиш учун шунча пул ажратиляпти. Аммо...

Аммо юқорида санаб ўтганимиздек ҳолатлар такрорланмаслиги учун, бунча пул тўғри сафланиши учун жамоат назорати керак. Яъни сиз билан бизнинг назоратимиз.

Стратегик ислоҳотлар агентлигининг бизга билдиришича, аввал қилинган ишларнинг самара келтирмагани сабаби айнан – жамоат назорати бўлмагани.

Қаерда, қачон ва қанча қувур ётқизилаётгани ҳақида маълумотлар очиқ эмас, натижада уларни назорат қилиш деярли имконсиз.

Амалга оширилаётган қурилиш ишларининг сифат назорати пастлиги самарасиз лойиҳалар пайдо бўлишига, сарфланган ҳаражатлар ўзини оқламаслиги ва натижада аҳолига сув етиб бормаслигига олиб келмоқда.

Режалар ва олиб борилаётган ишлар ҳақида аҳоли хабардор эмас.

Шу учун ҳам фуқароларни ўз маҳалларида сув ўтказилиши ишлари назоратига жалб қилиш керак.

Бу учун махсус Telegram-бот яратилди. Бу ботга ҳар бир ватандош ўзи яшаётган ҳудудда ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳақида хабар қолдириши ҳамда ўзи турган жойнинг геопозициясини жўнатиши мумкин.

Telegram-ботга келиб тушган мурожаатларнинг географик жойлашуви шу тарзда кўриниб туради.

Telegram-бот қуйидаги функцияларга эга:

  • локация юбориш орқали ўз маҳаллангизда кетаётган ичимлик суви ёки оқава сув лойиҳалари ҳақида маҳлумот олиш.
  • аниқланган қоидабузарлик ҳақида мурожаат юбориш (фотосурат мажбурий) ва ечимини назоратга олиш.
  • ичимлик суви билан таъминланганлик ҳақида сўровномада иштирок этиш.
  • ичимлик сувининг берилиш графиги ҳақида маълумот ва тасдиқлаш учун сўровнома.
  • оқава сув тармоқлари билан таъминланганлик ҳақида сўровномада иштирок этиш.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал ҳўжалиги вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” бирлашиб, ичимлик суви ўтказилиши жараёни устидан жамоат назоратини ўрнатиш учун махсус қўлланма ишлаб чиқилди.

Қўлланмада аҳоли нимага эътибор бериши кераклиги содда ва оддий тарзда кўрсатилган.

Таъкидланишича, Telegram-ботдан мақсад – одамлардан қоидабузарликлар ҳақидаги мурожаатларни қабул қилиш. Мурожатлар Қурилиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот”нинг инспекцион бўлинмаларига юборилади ва назоратга олинади.

Қоидабузарлик бартараф этилгандан кейин мурожат юборган шахсга фото ва видеолавҳалар юборилади ва у мурожаатчи томонидан тасдиқлангач, мурожаат ёпилади.

Ичимлик суви таъминоти лойиҳалари бўйича фуқаролар қуйидагиларга ҳақли:

  • лойиҳа паспорти мавджудлигини билишга ва ундаги маълумотлар билан танишишга;
  • қувур ва ҳандақлар ўрнатилиш таркиби ва тартибини билишга;
  • қувур ётқазиш ва ҳандақлар ўрнатишдаги стандарт ечим ва талаблар билан танишишга.

Қувур сифатини текширинг ва унга бўлган талабларни билинг

Қувур ётқизиш

Курувчидан кўчангизга диаметри нечилик қувур қўйилганлигини сўранг ёки ўзингиз лойиҳага қаранг!

Қувурда ҳаворанг чизиқ бўлади. Агар қувур мовий чизиқ билан қопланмаган ёки бошқа рангда бўлса, қувурларни ичимлик суви учун ишлатилиши мумкинлигини тасдиқловчи сертификатини (СЕС) қурувчидан талаб қилинг.

Қувурдаги маркировкага эътибор беринг – сифатли қувур силлиқ ва бўртмаларсиз бўлади.

Ҳандақ ҳақида

Хандақ (траншея) параметрлари ва қувур кўмиш технологияси:

Хандақнинг чуқурлиги камида 120 сантиметр, кенглиги камида 70 сантиметр бўлади.

Устига хандақдан чиққан тупроқ ташланади.

Қувур устига ва ён-атрофларига тоза кум ёки майин тупроқ (эланган бўлиши керак) ташланади. Тош, чақир тош, шағал ёки қаттиқ жисм бўлмаслиги керак.

Хандақнинг пастки қисмига 10 см майин тупроқ ("ёстиқ") ташланади.

Қудуқлар қандай ўрнатилиши керак?

Йиғма қудуқлар ости ва усти 2 марта гидроизоляция қилинади;

Кувурни қудуққа улашда махсус металл қувур ёки муфта билан ҳимояланади;

Усти стандартларга жавоб берадиган қопқоқ (люк) билан ёпилади.

Қувурлар йўллар билан кесишма қисмларида маҳсус ғилоф билан қопланиши керак

Кувурлар темир ёки автомобил йўли остидан ўтказилса, темир қолип (ғилоф) ёки бетон плита билан ўраб қўйилади.

Ғилофнинг икки чети автомобил йўлидан камида 1,5 метр чиқиб туриши керак.

Қувурлар босим остида синалиши керак

Кувурларнинг босими икки марта монометр билан текширилади. Бир марта юқори, бир марта ишчи босимда текширилади. Агар босим пасайса кувурда оқизоқ – "утечка" борлигини билдиради.

Қувур ётқизиш ишлари тугалланганидан кейин йўлнинг бузилган қисмидаги қопламалар қайта тикланилиши керак

Йўл қопламаси қурувчи томонидан тикланади.

Қувур ётқазиш ишлари тугагач, агар йўл қопламасига зарар етказилган бўлса, қурувчилар томонидан мавжуд йўл қопламаси тиклаб берилиши шарт.

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид