Нагоя иқтисодиёт университети (Япония), Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Алишер Умирдинов Kun.uz учун ёзган мақоласида академик эркинлик мавзусини ёритиш баробарида илм-фанимизнинг чуқур инқирози ҳақида сўз юритади.

Соҳада юз бераётган баъзи ижобий ўзгаришларни тан олган ҳолда инсофли илмий доираларимизни ҳали-ҳамон қийнаб келаётган масалаларни ёритиш учун 5та долзарб нуқтага эътиборингизни қаратаман:

  1. Дунё давлатлари орасида беллаша оладиган замонавий кадрлар тайёрлашни олдинга суряпмиз, аммо олимларимизнинг аксарияти чет элни кўрмаган.
  2. Академик даражани дунё стандартларига чиқаришни ўйлаяпмиз, аммо университетларимиз нуфузли чет эл олий даргоҳлари билан ҳамкорликдаги, эркин ўтадиган конференциялар (илмий алмашинувлар) ўта кам.
  3. Олимларимиздан чет эл журналларида мақолаларни кўпайтиришни талаб қиляпмиз. Бироқ улар ўз устиларида ишлай олишлари учун ҳатто шахсий кабинетлари йўқ. Бундан ташқари, улар ҳужжатбозликка кўмиб ташланган.
  4. Кадрларимиз тез ўзгараётган дунёга мос бўлиши ва келиб чиқаётган муаммоларга конструктив руҳдаги илмий ечимларни ўртага ташлашидан умид қиляпмиз. Аммо университет ўқитувчиси ҳатто ўзи ўтаётган семинар ёки маъруза матнини ўзи эркин шакллантира олмайди.
  5. Дунёдаги энг кучли 500та университет рўйхатини тузиб, уларнинг дипломларини тан олишимизни билдирдик. Бу жуда яхши. Аммо ватанига катта умидлар билан қайтаётган ёш ватандош олимларга йўл бермаяпмиз, уларнинг интеллектуал мулкини, илмий ижодининг бир қисмини ректор ва кафедра бошлиқлари ўзлаштириб олишаётгани ҳолатлари учрамоқда...      

Энди батафсилроқ изоҳлаб бераман.

Биринчи нуқта. Тасаввур қилинг: Билағон Олимов исмли ёш, чет тилини яхши ўзлаштирган кафедра ўқитувчиси Нидерландияга халқаро симпозиумга маърузачи сифатида таклиф қилингани ҳақида хат олади. Нидерландиянинг Тошкентдаги элчихонаси унга виза беришга рози. Симпозиум ташкилотчилари ҳатто чипта ва меҳмонхона харажатларини кўтаришга ҳам тайёр. Олимов эса ҳам хорижни кўради, ҳам ўзининг илмий алоқаларини кенгайтиради, ҳам юртимиз илм-фанини чет элга танитади. Қандай яхши!

Аммо шошилманг, азиз ўқувчи. Университет раҳбарияти бундай ҳолатда қандай йўл тутади, деб ўйлайсиз? Рухсат бериб, керак бўлса ходим чўнтагига университет фондидан пул ҳам солиб, аэропортдан кузатиб қўяди деб ўйлайсизми?