Синологларимиз (хитойшунос) етишмаслигиданми, илмий ҳамда оммабоп нашрларимизда Хитой ҳақида таҳлилий мақолалар жуда кам. Ваҳоланки, Ўзбекистон-Хитой вектори мамлакатимиз иқтисодиёти учун тобора катта аҳамият касб этмоқда ва ҳамкоримиз Хитой Халқ Республикаси ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишимиз керак. Шу боис, ушбу мамлакат ҳақида Kun.uz учун икки қисмдан иборат мазкур мақолани ёзишни ният қилдим.  

Ўзбекистон-Хитой алоқалари

Президентимиз 2017 йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасига қилган расмий ташрифи давомида 22 миллиард АҚШ долларига тенг шартномаларни имзолаб қайтганди. Мазкур мульти-миллиард лойиҳаларнинг бир қисми амалга ошди, қолганлари ҳам амалга ошиши кутилмоқда.

Хитой ҳақида кўп эшитамиз. Аксар савдогарларимиз учун Хитой «иккинчи ватан»га айланган бўлса ажабмас. Кундалик ҳаётимизда «Made in China» доимий истеъмолимизда. Аммо ушбу мамлакат ҳақида, Хитой жамияти ҳақида атрофлича билимимиз йўқ. Ҳолбуки, Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимизни яқин келажакда ўзгартириб юбориши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрганимиз йўқ. 

«Бир макон, бир йўл» доирасида юртимизга келтирилган Хитой технологияси ва инвестициялари ҳақида хабарлар биз учун оддий ҳолга айланди. Аммо ушбу ташаббус келгусида қандай кўриниш олади – бу ҳақдаги мақолаларни ўзбек тилидаги нашрларда учратмадим.

Хитой – қандай мамлакат у?

— Хитой бу – дунёнинг иккинчи энг йирик иқтисодиёти. 2030-йиллардан кейин эса катта эҳтимол билан дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига айланади;

— Хитой бу – дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат;

— Хитой бу – 30 йил ичида қашшоқликдан 11 триллион долларлик иқтисодга эга бўлган, ZTE вa Huawei каби брендларини жаҳон бозорига олиб чиқа олган давлат;

— Хитой бу – Америка Қўшма Штатларига ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам илмий соҳаларда рақобат қила олаётган сайёрамиздаги ягона давлат;

— Хитой – дунёдаги энг кўп доллар захираларига эга мамлакат;

— Хитой – сон жиҳатдан дунёдаги энг катта армияга эга мамлакат;

— Ўзбекистонга шу пайтгача энг кўп хорижий инвестиция киритган давлат ҳам айнан Хитой.

Рўйхатни яна давом эттириш мумкин, аммо шуниси ҳам бизга кифоя қилади.