Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
50 ёшли грузиялик аёл спортчи Олимпиадага бориш бўйича рекорд ўрнатди
Грузиялик аёл спортчи Нино Салуквадзе фаолиятидаги тўккизинчи Олимпиадага сараланиб, ўз исмини Олимпия ҳаракати тарихига киритди. 2020 йилда Токиода ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари Салуквадзе фаолиятидаги тўққизинчи ўйинлар бўлади. Бу ҳақда Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси (ISSF) сайтида маълум қилинди.
50 ёшли спортчи бунгача 1988 йилдан бошлаб 8 та Олимпиадада иштирок этган. Салуквадзе собиқ иттифоқ терма жамоаси сафида 1988 йил Сеулдаги Олимпиадада 25 метрдан тўппончадан ўқ отиш мусобақаларида олтин ва 10 метрдан пневматик тўппончадан ўқ узиш мусобақаларида кумуш медални қўлга киритган. У 2008 йил Пекиндаги Олимпиадада бронза медали соҳибига айланган.
Аёл спортчилар орасида тўққизта Олимпиадада ҳеч ким ҳали иштирок этмаган. Немис байдаркачиси Йозефа Идем ва канадалик академик эшкак эшиш устаси Лесли Томпсон Олимпиадаларда 8 мартадан иштирок этишган.
Умуман олганда, ёзги Олимпиадаларда иштирок этиш бўйича 71 ёшли канадалик чавандоз Иан Миллар етакчи ҳисобланади. У 10 та Олимпиадада иштирок этган.
Қишки Олимпиадаларда энг кўп иштирок этиш бўйича рекордчи трамплиндан сакраш устаси Нориаки Касай ҳисобланади. Япониялик 46 ёшли спортчи 8 та Олимпиадада ўз кучини синаб кўрган.