Жамият | 08:17 / 25.04.2019
21026
4 дақиқада ўқилади

Нурали Қобул: «Темуршуносликни темирчиликка айлантириб қўйдик»

Дундар Алпнинг “Шарқнинг энг буюк ҳукмдори – Темур” романини усмонли туркчадан Тоҳир Қаҳҳор ва Собир Сайхон таржимасида чоп этилган китоби юзасидан Халқаро Чингиз Айтматов академиясининг академиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Нурали Қобул ЎзА'га қуйидагиларни гапириб берди:

Фото: ЎзА

– Бизнинг “Қирқ йилда қозон янги, эллик йилда эл янги, тўқсон йилда тил янги” деган ота сўзимиз бор. “Шарқнинг энг буюк ҳукмдори – Темур” асари 1902 йилда муаллиф томонидан яширин ҳолда ёзилган. Муаллиф ўз номини қўйса боши кетарди, Усмонли турк султонлари омон қолдирмасди. Муаллиф Темурга бўлган катта муҳаббати туфайли ўзига Дундар Алп тахаллусини танлаб ёзган, асл муаллиф кимлиги ҳалигача номаълум. Роман ўша давр Истанбул туркчасида ёзилган. Бир неча йиллар аввал Собир Сайхон ноёб китоб нусхасини эски китоб дўконидан топиб олган ва Тоҳир Қаҳҳор билан биргаликда таржима қилган. Роман воқеалари бироз реалликдан узоқроқ. Аммо биз учун Темур ҳақидаги ҳар қандай манба қадрли. Китобни ўқиб чиқдим ва тарихчи мутахассис сифатида айрим тарихий ҳақиқатлардан чекиниш ҳолатларини учратдим. Тарихий-бадиий асарларда 80-85 фоиз ҳолатларда муаллиф тўқималар, муболағалардан фойдаланиши мумкин, лекин тарихий ҳақиқатдан чекинмаган ҳолда. Асарда ана шу қоидаларга амал қилинмаган ўринлар бор. Мисол учун, Тўхтамиш Темурдан олти йил кейин ўлган. Асарда Тўхтамишнинг бошини кесиб Темурга келтиришади, бу бўлмаган воқеа. Қайта нашрда бу камчиликларни албатта тўғрилаш керак. Асар Темур шахсини яхши билган мутахассислар учун қўшимча маълумотлар беради, аммо оддий ўқувчини бироз чалғитиши мумкин.

Афсуски, биз темуршуносликни темирчиликка айлантириб қўйдик. Биз Темурдан Ленин ясамаслигимиз керак. Йўқ нарсани ҳам ёпиштиравериш Амир Темур обрўсини тушириб қўяди, бор нарсаларни ҳақиқатдан чекинмасдан ёзиш керак. Шу боис дунёда биринчи бўлиб роман ёзган инсон Сервантес айтади: “Қаллоб тарихчиларни сохта пул ясовчилардек қатл этиш керак”. Испания тарихида фақат сохта пул ясовчиларгина ўлимга ҳукм қилинган. Шу боис тарихни тўғри ёзиш керак. Тарих буюртма билан, ҳавас билан ёзилмайди, тарих тарихлигича ёзилади. Темур ҳақида қон билан, иймон билан ёзилади. Ўз тарихидан юз ўгирган қавм ва миллатлар номард ҳисобланади. Агар биз тарихий ҳақиқатни бузсак ота-боболаримизнинг номига чизиқ тортган бўламиз, дейди Нурали Қобул.

Маълумот учун: Нурали Қобул 1950 йил 2 январда Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Ўсмат қишлоғида туғилган. Фарғона Давлат университетини тарих факультетини тамомлаган (1974). «Ойқор» (1978), «Салом тоғлар» (1979), «Одам, Ойқортоғ ва Дайди шамол ҳакида эртак» (1980), «Тубсиз осмон» (1981), «Каптарлар қайтмаган тун» (1984), «Яшаш учун кечикма» (1985), «Унутилган соҳиллар» (1988), «Оқ каптарлар» (1990), «Буғдой пишиғига етмаганлар» (1992), «Сен ватансан, муҳаббат» (1994), «Ватандан яхши ёр ўлмас» (1995) ва бошқа асарлари нашр этилган. Г. Маркеснинг «Танҳоликнинг юз йили» романини, Ч. Айтматовнинг «Болалигим» асарини ўзбек тилига таржима қилган.

Мавзуга оид