Генерал-майор Баҳодир Қурбонов генерал-полковник Вэй Фэнхэ билан музокаралар ўтказди
Бугун, 27 апрель куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазири генерал-полковник Вэй Фэнхэ бошчилигидаги ХХР ҳарбий делегациясини қабул қилди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда ўзбек-хитой ҳамкорлигининг мудофаа ва ҳарбий таълим соҳасидаги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди, ҳарбий-техник йўналишда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашинди. Икки давлат мудофаа идоралари мутахассислари томонидан турли йўналишларда тажриба алмашиш учун мунтазам равишда амалга оширилаётган ташрифларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон мудофаа вазири меҳмонларни қизғин қутлаб, Ўзбекистон Республикаси президентининг Хитой Халқ Республикасига 2017 йил май ойидаги давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди ҳамда ўзбек-хитой ҳамкорлиги ривожланишининг тарихий босқичи бўлганини қайд этди.
«Икки томонлама самарали ҳамкорликнинг ўтган йилларини баҳолаган холда ишонч билан айтиш мумкинки, Хитой, бу – дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш алоқалари тобора мустаҳкамланаётган, ишончли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкордир», – деди генерал-майор Баҳодир Қурбонов.
Ўзбекистон мудофаа идораси бошлиғи Ўзбекистон Хитой билан энг аввало, ҳар иккала давлат учун манфаатли, аниқ амалий кўринишдаги қўшма ҳамкорликни ривожлантириш борасида икки томонлама алоқаларни чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат ўртасида ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик суратининг ўсиши муҳим жиҳатлардан бири. Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Хитой Халқ-озодлик армияси ҳарбий-таълим муассасаларида фаол тайёргарликдан ўтмоқда. Хитойлик мутахассислар эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий-таълим муассасаларида бир неча бор семинар ва лекция машғулотларини ўтказган.
Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида Хитой Қуролли кучларига бағишланган замонавий, мазмундор мавзувий синфнинг ташкил этилган. Жорий йилнинг сентябрь ойидан эътиборан, хитойликлар ташаббуси билан ушбу олий ҳарбий таълим муассасасида хитой тилини интенсив тарзда ўрганиш курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Курсларга Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Конфуций номли Ўзбек-хитой институти ўқитувчилари жалб қилинади.
Якунда Ўзбекистон ва Хитой мудофаа вазирликлари ўртасида 2019 йилга икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланди.
Мавзуга оид
18:27 / 12.11.2024
Ўзбекистон мудофаа вазири Москвага борди
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
09:24 / 02.11.2024
Қозоғистонда ўзини ўзи мудофаа қилиш ва кўнгиллилар тузилмалари пайдо бўлади
15:30 / 29.10.2024