Жамият | 10:05 / 01.05.2019
12666
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда генетик модификацияланган маҳсулотларни тартибга солиш таклиф қилинмоқда 

Фото: Shutterstock

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида генетик модификацияланган маҳсулотларни тартибга солиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда дунёнинг кўпгина мамлакатлари озиқ-овқат дўконларида генетик модификацияланган организм (ГМО)лар мавжуд маҳсулотларнинг тури ва сони ортди.

ГМО - бу ирсият муҳандислиги (генинженерия) усули билан генотипи ўзгартирилган организмни англатади. Одатда ГМО - ўсимликлар ва ҳайвонлардан катта афзалликларга эга бўлган маҳсулотни олиш, яъни маҳсулотнинг таннархини пасайтириш, ҳосилдорлигини кескин кўпайтириш ва сақлаш муддатини узайтириш, зараркунандаларга чидамлилигини ошириш мақсадида ишлаб чиқарилади. Ҳозирги кунда генетик жиҳатдан ўзгартирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксарияти соя, картошка, жўхори, буғдой ва бошқа маҳсулотлар ҳисобланади. 

“Бир қарашда, биотехнология саноати ривожланиши ва генетик ўзгартирилган маҳсулотларни уруғлар ва махсус кимёвий моддалар ёрдамида кўплаб мамлакатларда жорий этилиши, биринчи навбатда, ГМО маҳсулотларнинг маҳсулдорлиги ва нисбий арзонлиги билан дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашнинг глобал муаммосини ҳал қилишда ёрдам беради”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Шу билан бирга, ГМОни яратиш, унинг маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зиён ва хавфлари ҳақида турли маълумотлар мавжуд. ГМО ички органлар патологияси, аллергия, онкология, шунингдек бепуштликни келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. ГМО маҳсулотларни назоратдан ўтказилмасдан фойдаланиши нафақат аҳоли саломатлигига, балки келажак авлод саломатлигига ва миллат генофондига жиддий хавф солиши мумкин.

“Шу муносабат билан, таркибида шундай организмлар мавжуд бўлган озиқ-овқатларни даврий ва чуқур текширувлардан ўтказиш, уларнинг инсон саломатлигига жиддий зарар келтириши аниқланганда, мазкур қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қишлоқ хўжалигида етиштириш, ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилишни тақиқловчи қонун ҳужжати ишлаб чиқилишини таклиф қиламиз”, - дейилади петицияда.

Мавзуга оид