Ўзбекистон | 08:28 / 03.05.2019
12386
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлигига йўлланган мурожаатларнинг 60 фоизи пенсия миқдори камлиги ҳақида бўлган

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Пенсия таъминоти аҳоли учун энг муҳим соҳаларнинг биридир. Бунга Молия вазирлигига республика бўйича келиб тушган мурожаатларнинг аксарият қисми тегишли эканлигидан ҳам гувоҳ бўлиш мумкин, деб хабар бермоқда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Пенсия жамғармасига жорий йилнинг январ-март ойлари давомида жами 9 312 та мурожаатлар қабул қилинди. Шундан: 953 таси Ижро этувчи аппарати, 4 014 таси ҳудудий бошқармалар, 4 341 таси туман (шаҳар) бўлимларига келиб тушган. Уларнинг 1 866 таси ёзма, 3 673 таси оғзаки ва 3 773 таси электрон шаклларда.

Келиб тушган мурожаатларнинг 5 546 таси (ёки 60%) пенсия миқдори камлиги, уни ошириб бериш масаласида мурожаат қилган. Ундан ташқари:

• пенсия (нафақа) тайинлаш масаласида 1 104 та (12%),
• пенсия тайинлашда иш стажи ҳисобга олинмаганлиги масаласида 806 та (9%),
• имтиёзли пенсия тайинлаш масаласида 390 та (4%), 
• пенсия ва нафақалар тўлови масаласида 478 та (5%) мурожаатлар ва бошқа масалаларга оид мурожаатлар 802 та (8%) келиб тушган.

Натижада, мурожаатларнинг 9 165 таси бўйича тегишли тушунтиришлар берилди, 72 таси бўйича чоралар кўрилди, кўрмасдан қолдирилган ҳамда аноним деб топилган мурожаатлар 32 тани ташкил қилди, 43 таси кўриб чиқилмоқда.  Пенсия жамғармаси «Ишонч телефони» 11-40 (Call-center) йўлга қўйилиши натижасида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиш имконини берди. Натижада 2019 йил 3 ой давомида Call-center орқали 216 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатларига жавоб берилган.

Жамғармага ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқиш ҳамда уларни чуқур таҳлил қилиш асосида, пенсия таъминоти тизимида фуқаролар учун қулай шарт-шароит яратиш, мавжуд нуқсонларни бартараф этиш бўйича қонунчилик нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид