Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Президент томонидан фармон, қарорлар имзоланиб, қонунлар қабул қилинмоқда. Энг қувонарлиси, тадбиркорлар эришган ўз сармоялари орқали оила бюджетини, қолаверса, мамлакатимиз тараққиётини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётгани эътирофга лойиқдир. Аммо беш қўл баробар эмас деганларидек, ҳамма жойда ҳам мутасаддилар ислоҳотларни тўлақонли амалиётга жорий этмоқда ёки барча тадбиркорлар ҳам яратилаётган имкониятларни суиистеъмол қилмасдан қонуний равишда ишламоқда деб айта олмаймиз. Бу эса ўз-ўзидан мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг улуши ортишига ва давлатимиз иқтисодиётини ўсишига салбий таъсир қилаётгани ачинарли ҳолдир.

Яширин иқтисодиётнинг ўзи нима?

Яширин иқтисодиёт бу иқтисодий фаолиятни жамиятдан яшириш ва давлат томонидан назорат ҳамда ҳисоботи юритилиши олиб борилмаслигини, шу билан бирга иқтисодиётнинг кузатиб бўлмас ва норасмий қисмидир.

Оддий қилиб айтадиган бўлсак, яширин иқтисодиёт мавжуд қонун ва жамият қоидаларини четлаб ўтувчи жамиятдаги фуқароларнинг иқтисодий алоқалари десак ҳам бўлади.

Хўш, яширин иқтисодиёт қаердан пайдо бўлади ва қачон ривожланади?

У аввало, жамиятда иқтисодий фаолиятни кенг жамоатчиликдан яшириш учун қулай бўлган тақдирда ва бунга шароит мавжудлигида пайдо бўлади.

Яширин иқтисодиётнинг ривожланишига қуйидагилар сабаб бўлади:

солиқларнинг оширилиши;

турли хил лицензия, сертификат ва рухсатномалар олинишида кўзда тутилмаган харажатларнинг мавжудлиги;

хомашё маҳсулотлари етказиб берилишида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришдаги қийинчиликлар.

Яширин иқтисодиётда валюта қора бозорининг ўрни жуда катта ҳисобланади. Бизнинг мамлакатда ҳам энг йирик нақд пул айланмалари хорижий валюта бўлмиш АҚШ долларида амалга оширилади (ноқонуний йирик битимлар, уй-жой, автомобиль олди-сотдиси ва бошқа кўплаб товарлар олди-сотдиси йиғиндиси).

Банкдан ташқари айланаётган ушбу хорижий валютанинг миллий валютамиз сўмга нисбатан етказаётган бевосита зарари охир-оқибат сўмимизнинг қадрсизланишига ўзининг билвосита таъсирини кўрсатмоқда. Аксарият маҳсулотларнинг четдан нақд пулга сотиб олиб келтирилиши ёки хуфёна битимлар туфайли маҳсулотларнинг мамлакатимизга олиб кириб сотилиши кўп жиҳатдан солиқдан яширган ҳолда фойда кўриб ишлаётган тадбиркорлар ва уларни қўллаб-қувватлаб турган бошқа шахсларга қўл келмоқда.