Инновацион ривожланиш вазири: Ўзбек тилини ўрганишдан инсонларда ғурур пайдо қилишимиз зарур
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, Ўзбекистон фанлар академияси академиги, Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзоси Иброҳим Абдураҳмонов рус тилига расмий мақом бериш бўйича берилган таклифга муносабат билдирди.
Бир гуруҳ “зиёли”ларнинг Ўзбекистонда рус тилининг мавқеини қайта кўриб чиқиб, унга расмий тил мақомини бериш тўғрисидаги хати неча кундирки ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда.
Рус тили, маданияти ва адабиёти билангина халқимиз неларгадир эришган-у, энди эса саводсизлик ва маданиятсизлик гирдобига кириб кетаётгани ҳақида ёзганлар халқимизни бир қалқитди. Шўролар даврида тилимизни давлат тили мақомига кўтаришга бўлган интилишлар, орзулар, ўй-хаёллар рўёбга чиқиб турган бугунги кунимизда бутун бошли халқнинг ғурури жунбушга келди. Ижтимоий тармоқларда қалқиган халқимиз вакилларининг ҳаяжонлари, эътирозлари, ғазаби ортида олам ҳали санашниям тузук-қуруқ билмаган, ўзаро ўлжа талашиб уришиб юрган маҳалларда билимга интилиш мўътабар саналган шу қутлуғ тупроқларимиздан етишиб чиққан не-не даҳоларнинг қони ҳануз оқаётган юртдошларимизнинг ҳайқириғи эшитилган бўлса не ажаб. Халқимизнинг тарихи қадим-қадимларга тақалар экан, ўзбек тилига ҳам қадимий тил намунаси сифатида қарашимиз, уни асраб-авайлашимиз лозим. Бутун цивилизациядаги генлар тўплами бизда мужассам бўлган, тилимизнинг нақадар бойлигини биз ўзимиз тушунмаган қирралар ҳануз бор экан буни инкор қилиб бўлмайди. Ўзбек тилини ўрганишдан инсонларда ғурур пайдо қилишимиз зарур.
Замонавий билимларга эга бир киши, олим сифатида халқимиз тарихи сирларига назар ташларканмиз, юртимиз аҳолисининг генларини тадқиқ қилинганда уларнинг ирсияти ўнлаб минг йил нарига бориб тақалганини кўрдик. Бу ҳали тўлиқ тарих эмас – генларни “ўқиш” жараёнида фан тилида мутация дейиладиган ҳодисага асосланиб генетик тарихга бир назар солса бўлади. Соддароқ қилиб айтсам, одамзод пайдо бўлибдики, генларни аждодлардан авлодларга берилишида муҳрланган ўзгаришларни кўра оласиз. Бу эса Ўзбекистон халқларининг генетик тарихи ўртача эллик минг йилдан зиёд эканини кўрсатиб турибди. Демакки, биз Европа халқларидан 16 минг йил қадимийроқмиз. Бу борадаги изланишларимиз “The Open Genomics Journal” халқаро журналининг 2009 йил 2-сонида “Gene Flow at the Crossroads of Humanity: mt-DNA Sequence Diversity and Alu Insertion Polymorphism Frequencies in Uzbekistan”, яъни “Инсоният чорраҳасида ген оқимлари: Ўзбекистонда учрайдиган инцерцион полиморфизмлардаги мт-ДНК турли-туманликлари” сарлавҳаси билан эълон қилинди. Тадқиқотда Марказий Осиё чиндан ҳам дунё тараққиёти йўлидаги олтин бешик экани ўз исботини топган.
Ақлли одам дейилган “Homo Sapiens” Африкада пайдо бўлгани илмий ҳақиқат ҳисобланса, илк кишилар яшаш учун қулай, баракали тупроқларни излаб йўлга чиқишган. У маҳалда кишиларнинг денгизни сузиб ўтишлари мумкин эмас эди. Арабистон ярим ороли орқали тоғлардан ошиб, бизнинг ўлкаларга келиб ўрнашишган, бир қисми Олтой томон кетишган. Ўша йўналиш бўйича музликлар диёридан ўтиб, Америка қитъасигача етиб боришган. Бу антропология фанидаги уч асосий фаразнинг бири дейилса-да, илмий исботлари қониқарли деб ҳисобланмас эди. Геномика марказимизнинг изланишлари мобайнида мана шу тарзда Марказий Осиё инсоният тараққиёти йўлидаги олтин шоҳбекат бўлиб хизмат қилгани ўз исботини топди. Бу – ҳақиқатан ҳам, жуда қадимги тарих. Шунингдек, тадқиқотларимиз натижасида халқимиз цивилизациядаги мавжуд барча генлар хилма-хиллигига эга эканлиги ва улар орасида инсон цивилизациясидаги энг қадимий генотиплар мавжудлиги кўрсатиб берилди. Бу халқимизнинг ўта қадимий генетик тарихига урғу бериши билан бирга, “тирик тарихий музей” эканидан ҳам далолат беради. Хулосаларимизнинг асоси шуки, бизнинг юртимиз нафақат сиёсий, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга, балки ўта қадимий ва хилма-хил бўлган инсонлари билан халқаро миқёсда жуда катта биологик бойликни ўзида мужассам этган. Биз бу бойликни англашимиз, қадрлашимиз, асраб-авайлашимиз ҳамда ундан ғурурланишимиз керак.
Тилимиз эса коммуникация воситаси бўлиш билан бир қаторда шууримизнинг-да аксидир, у халқнинг феъл-атвори, хулқини ҳам бошқаради, ўзлигини намоён этишига хизмат қилади. Шундай экан, ўзга тилни эмас, ўз тилимизнинг мавқеини кўтариш зарурлиги айни замон талаби-ю халқ истаги бўлиб қолганини бугунги воқеалар исбот қилиб турибди.
Ёшларимизнинг қалбига кириб бориш ва уларда миллий ғурурни шакллантириш, “бировларнинг“ қора юмушларини қилиш ёки фикрларига қўшилиб кетишни танлашдан олдин ўзларининг нақадар генетик жиҳатдан қадри баланд инсон эканликларини адабий усулда тушунтириш учун таниқли ёзувчи Исажон Султон таъбиридан “Генетик” асари ёшларимиз қалбига миллий ғоя билан кириш ва уни шакллантиришда катта ўрин тутади.
Зеро, ҳар боламиз қонида истеъдод оқмоқда. Бу истеъдодни ривожлантириш, “ухлаб ётган генларни” уйғотишда халқимиз бойлиги, ғурури ва шаъни бўлмиш тилимизга янада кўпроқ эътибор қаратиш давлатимиз сиёсати, деб баралла айтишимиз мумкин. Жорий йилда умумий ўрта мактаблардаги “Адабиёт” фанига мўлжалланган 3D-тизимли интерактив ўқув-методик қўлланмаларни яратиш ва жорий қилиш, ўзбек халқининг этногенез тарихини ўрганиш бўйича “Эртош Дўлана” ёдгорлигини тадқиқ этиш, қадимий ёзма ноёб қўлёзма ва манбаларни тадқиқ қилиш, уларнинг рақамлаштирилган кутубхонасини яратиш, ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий яратиш каби амалий ва инновацион лойиҳаларга грантлар берилди. Грантларнинг асосий мақсади ҳам тилимиз, қадриятларимизни ёшларнинг шуурига сингдириш бўлиб, бу йўлда янги лойиҳалар амалга ошириляпти, олимлар изланишлар олиб бормоқда. Зиёлиларимиз миллий қадриятларни ҳимоя қилиш учун меҳнат қилишлари, изланишлари, тадқиқотлар олиб боришлари айни муддаодир.Ҳали олдинда шу ва бошқа лойиҳалар тилимиз мавқеининг янада ошишига хизмат қилади.
Мавзуга оид
17:18 / 01.11.2024
Медведев Россияда рус тилини билмайдиган болаларни мактабга қабул қилмасликни таклиф этди
18:06 / 27.09.2024
Тошкентдаги мактабда бошланиб вазирлар даражасига чиққан можаро – нималар бўлди?
20:03 / 06.09.2024
“Сувдан ҳам жиддийроқ муаммо – ернинг шўрланиши бўляпти” - қишлоқ хўжалиги вазири
10:31 / 30.06.2024