Жаҳон | 23:54 / 08.05.2019
7043
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош қароргоҳида “Аёллар урушда” номли кўргазма очилди

БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида “Аёллар урушда” номли кўргазма очилди. Ушбу кўргазма аёлларнинг инсоният тарихининг энг фожиали даврларидаги ролларини эслатишга чорланган.

Кўргазмада жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этган ва фронт ортида оғир ишларни бажарган совет аёллари суратлари тақдим қилинган. Экспозициялар қаҳрамонлари орасида Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги деярли барча собиқ иттифоқ республикаларининг вакилалари, жумладан тарихдаги энг муваффақиятли мерган аёл, душманнинг 309 аскари ва зобитини йўқ қилган Людмила Павличенко, 46-авиация полки учувчиси, тунги вақт жангларга киришиб, душман позицияларига яқинлашишдан олдин нацистлар билмаслиги учун самолёти моторларини ўчириб қўйган афсонавий “тунги алвастилар”дан бири Даррия Кашфиева бор. 

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш кўргазмани очаётиб, уруш тарихи бу аёллар тарихи ҳам эканини таъкидлаб ўтган.  

“Бу кўргазма уларнинг жасурлиги ва тенги йўқлигининг исботидир”, деб айтган БМТ бош котиби.

Кўргазма Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Озарбойжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон миссиялари томонидан ташкиллаштирилган ва Ғалаба кунига бағишланган.    

БМТ бош котиби ўз нутқида бугунги кунда жуда кўплаб аёллар БМТнинг тинчликпарвар миссияларида, жумладан раҳбарлик лавозимларида ишлаётганларини эслатиб ўтган.

“Биз тинчликка ва умумий мақсадларимизга аёлларнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли иштирокисиз эриша олмаймиз”, деб айтган Гутерреш.

Мавзуга оид