«Кампирравот» сув омбори, «Андижон денгизи» дея аталувчи маҳобатли сув иншооти ҳақида жуда кўп эшитганимиз бор.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига кираверишда «Андижон денгизи» ёзуви битилган монументга кўзингиз тушади. Катта йўлдан ўнг томонга қарасангиз, узоқдан маҳобатли тўғонни кўрасиз.

Мазкур сув сақлаш иншооти жиддий қўриқланиши боис унинг ёнига бориш, тўғон ва ГЭСларни томоша қилиш оддий киши учун қийин масала.

Сув омборига қилган биринчи саёҳатимиз давомида унинг дамба қисми, электр энергияси ишлаб чиқарувчи генераторлари жойлашган ҳудудига эмас, балки, сув омборининг умумий кўриниши ва катта миқдордаги сув қандай йиғилишига қизиқдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бунинг учун эса, тоғ-у тошлар, тик, хавфли дара йўлидан ўтиб автомашинада 2 соат юриш керак экан.

Андижон вилоят туризм бошқармаси мазкур саёҳатни ташкил этишда яқиндан ёрдам берди.  

«Кампирравот» сув омбори ҳақида интернетда йўқ бўлган маълумотларни бериб ўтамиз:

«Кампирравот» сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншоотидир. У 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган. Сув  омбори қурилишидан олдин икки қоя ўртасидан худди дарвозасифат (равот) табиий ёриқ  ва ўша жойда худди бошида сават билан турган кампирни эслатувчи қоятош бўлгани сабабли «Кампирравот» номини олган.