Ўзбекистон | 10:16 / 06.11.2024
2433
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сув омборлари тўғонлари силжиши космик назоратга олинади

Ўзбекистонда сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини доимий радиолокацион космик мониторинг қилиш тизими жорий этилади. 

Фото: Ўзбеккосмос

“Ўзбеккосмос” хабарига кўра, бу Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган бўлиб, дамбаларнинг силжиш ва чўкиш динамикаси “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик назоратга олинади. Амалга оширилган мониторинг натижалари “Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш” электрон платформасига интеграция қилинади.

Мазкур электрон платформада сув омборлари бўйича космик мониторинг натижалари, хусусан, мавжуд тўғонларнинг реал ҳолати, улардаги силжиш ва чўкиш кўрсаткичлари, тўғонларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва фавқулодда хавфлилик даражаси каби муҳим маълумотлар жамланади. Жараёнларни доимий назорат қилиб бориш мақсадида “Сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлиги космик мониторингини ўрганиш комиссияси” ташкил этилади.

Бу чора-тадбирлар орқали сув омборларидаги тўғонларнинг мустаҳкамлик ва яроқлилик ҳолатини доимий ўрганиб бориш, уларда кузатилиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдиндан таҳлил қилиш ва улардаги эҳтимолий силжишларни аниқлаш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид