Спорт | 16:55 / 14.05.2019
13126
11 дақиқада ўқилади

Етакчи. Ван Дейк нега АПЛнинг энг зўр футболчиси?

Фото: Getty Images

«Манчестер Сити» Англия чемпионлигини қўлга киритди, лекин мавсумнинг асосий индивидуал совринлари «Ливерпуль» футболчиларига насиб этди. Премьер-Лига тўпурарларига бериладиган «Олтин бутса»ни 22тадан гол урган уч футболчи учун ҳам берилди, «Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянгдан ташқари «Ливерпуль»нинг икки ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане қўлга киритишди. Энг кўп «қуруқ» ўйин (21) ўтказган Алиссон Бекер АПЛдаги илк мавсумидаёқ «Олтин қўлқоп»ни ютиб олди.

Энг асосий соврин - «Мавсумнинг энг яхши футболчиси» ҳам «Ливерпуль» аъзосига насиб қилди. Нидерландиялик ҳимоячи Виржийл ван Дейк АПЛнинг жорий мавсумидаги тенгсиз футболчиси деб тан олинди.

Англияда мавсумнинг энг яхшиларини бир неча марта аниқлашади. Профессионал футболчилар ассоциацияси алоҳида, журналистлар алоҳида энг яхшиларни тақдирлайди. Премьер-Лиганинг ўзи эса клуб сардорлари ва экспертлар иштирокида сўровнома ўтказиб, мавсум қаҳрамонларини аниқлайди ва айнан мана шу расмий мукофот ҳисобланади.

Профессионал футболчилар ассоциацияси ҳам ван Дейкни мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топганди. Журналистлар эса ўз совринларини Раҳим Стерлингга топширишди. АПЛнинг асосий ва расмий мукофоти учун ҳам Стерлинг ҳамда ван Дейк асосий номзод эди. Стерлинг икки йилдирки супер ўйин кўрсатиб, жамоасининг кетма-кет иккинчи чемпионлигида катта ҳисса қўшди, аммо нега ван Дейк энг яхши деб топилди? Унинг устунлиги нимада?

Аввало бу мукофотни ҳимояланадиган футболчилардан кимлар қўлга киритганига эътибор берсак. 2011/12 йилги мавсумда «Манчестер Сити» сардори Венсан Компани, 2008/09 ҳамда 2010/11 йилги мавсумда «МЮ» вакили Неманья Видич, 2000/01 йилги мавсумда эса «Арсенал»дан Патрик Виейра. Виейра ҳимоячи эмас дейишингиз мумкин, лекин у таянч зонасида асосан рақиб ҳужумларини бузиш билан шуғулланар ва ҳимоядагиларнинг ишини енгил қиларди.

Анчадан буён АПЛда ван Дейк каби кучли ҳимоячи кўринмаётганди. Келинг, Премьер-Лиганинг охирги чемпионлари ва бу жамоаларнинг марказий ҳимоячиларига бир кўз югуртирамиз. «Манчестер Сити» икки мавсумдан буён бош совринни ҳеч кимга бермаяпти. Гвардиола жамоасининг мудофаа марказида Венсан Компани, Жон Стоунз, Аймерик Лапорт, Николас Отаменди каби футболчилар ўйнашди. Бу футбочилар жамоасининг чемпионлигида ўз ҳиссасини қўшгани бор гап, аммо уларнинг ҳеч бири барқарор ўйин кўрсата олмади.

Отаменди ортда қолган мавсумни деярли захирада ўтказди. Жон Стоунз билан ҳам шундай бўлди. Компани яна қайтди, лекин у ҳам олдинги каби спорт формасида эмас. Биргина Лапортнинг ўйинини ишончли деб аташ мумкин эди, лекин мавсумнинг ҳал қилувчи ўйинида, ЕЧЛ яримфиналида «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда ўз жамоасига иккита гол урилишига сабаб бўлди. Ички чемпионат ўйинларида ҳам мудофаа чизиғида ван Дейк каби бутун жамоа ҳимоясини тартибга келтира олгани йўқ. «Манчестер Сити» ўз ўйинларида ҳимоясининг мустаҳкамлиги эвазига эмас, ҳаддан ташқари кўп ҳужум қилиши, тўхтовсиз прессинг эвазига ғалабаларга эришди.

Контенинг «Челси»си ҳимояда зўр ўйин кўрсатганди. Аммо италиялик мураббийнинг жамоаси айнан ҳимоя чизиғининг эмас, жамоавий ҳимояланиш эвазига чемпион бўлганди, десак хато бўлмайди. Масалан, ўша мавсумнинг энг яхши футболчиси Н’Голо Канте бўлганди. У таянч ярим ҳимоясида кўп иш қилганди. Давид Луис ҳамда Гари Кэйхилл каби асосий ҳимоячилар кўплаб хатолари билан ҳам ёдда қолишган.

«Лестер»нинг чемпионлик мавсумида марказий ҳимояда Роберт Ҳут ҳамда Уэс Морган ўйнаган. Кўринишидан футболчига эмас, оғир атлетикачига ўхшайдиган бу йигитлар «тулкилар»нинг мўжизали чемпионлигида кўп иш қилганди, аммо улар ўша вақтда АПЛнинг энг яхши ҳимоячилари ўнлигига ҳам киришмасди.

Ван Дейк нега энг яхши бўлди деган саволга жавоб олиш учун нега Стерлинг энг яхши бўлмади деган саволга жавоб беришнинг ўзи кифоя. Раҳим супер мавсумни ўтказганини тан олган ҳолда айтиш керакки, унга ўхшаб ўйнайдиган футболчилар кўп. «Сити»нинг ўзида Стерлинг каби чаққоноёқ бошқа футболчилар ҳам топилади: Сане, Бернарду Силва, Фоден. Аммо ван Дейк каби бутун бошли жамоа ҳимоясини тартибга солган футболчилар дунёнинг энг зўр лигасида ҳам кўп эмас.

Ван Дейкнинг яна бир устунлиги шундаки, у мудофаадаги камчиликлар сабаб жуда кўп ўйинларда мағлуб бўлган жамоага келиб, ҳимоядаги пала-партишликни эпақага келтирди. Ўтган мавсумларда жуда кўп гол ўтказган «Ливерпуль» бу мавсумда атиги 22та гол қўйиб юборди ва бу борада АПЛдаги энг яхши натижани кўрсатди. Энг кўп «қуруқ» ўйин ҳам (21та) айнан «Ливерпуль»да. Бунда Алиссон билан бирга ван Дейкнинг ҳам ҳиссаси катта.

Ван Дейк «Ливерпуль»га ўтган мавсум аввалида келганига қарамай, жамоага жуда тез мослашди. Бугун у клубнинг вице-сардори. 1991 йилда туғилган футболчи Нидерландия миллий жамоасида ҳам сардор. Баъзи футболчиларда етакчилик қобилияти туғма бўлади. Масалан Фабрегас 21 ёшида «Арсенал»да сардор эди. Бу мавсумдаги ўйинлари сабаб бутун дунёдаги мухлислар яхши кўриб қолган «Аякс» сардори Матиас Де Лигт 19 ёшли йигитча. Ван Дейкдаги етакчилик хусусияти «Саутҳэмптон»даёқ сезилганди. Мураббийлар айнан мана шундай ҳимоячиларни қадрлашади.

«Жин урсин, Виржийл учун 84 миллион тўлашдими?»

Ван Дейкнинг болалиги осон кечмаган. Унинг баъзи хотиралари билан ўртоқлашсак, зарар қилмас. Ван Дейкнинг отаси нидерландиялик, онаси эса суринамлик. Ҳимоячи онасига тортгани ташқи қиёфасидан кўринади. Футболчининг отаси уни онаси билан ташлаб кетган, шу сабаб футболчи либосига ван Дейк деб ёзишларини истамайди. Чунки бу отасининг фамилияси. Шу боис унинг либосида Виржийл ёзилган.

Унинг онаси полиция офицери бўлиб ишлаган. Улар Гронингенда яшаганида бўлажак футболчи футбол билан шуғулланиш учун ўзи пул топишга қарор қилади. Шу мақсадда шаҳардаги фаст-фуд сотиладиган ошхонага идиш ювувчи бўлиб ишга киради. У ерда ойига 400 евро атрофида пул ишлайди: «Мен оладиган пулимдан хурсанд эдим, чунки бу пуллар харажатларимга етиб турарди. Бундан ташқари, тўйгунимча макдоналдс ейишим ва дўстларимни ҳам меҳмон қилишим мумкин эди»,- деб эслайди Виржийл ўша дамларни.

Англиялик журналистлар футболчи 10 ёшида ишлаган ўша ошхонани топиб бориб, у ернинг хўжайини Жак Липс билан гаплашишди. Ошхона эгаси ван Дейк 84 миллион евро эвазига «Ливерпуль»га ўтганини эшитиб, ҳайратда қолди: «Жин урсин, бизда идиш ювиб юрган Виржийл учун 84 миллион евро тўлашдими? Шошманг, мен бу рақамларни такрорлаб айтиб кўришим керак. 84 миллион евро-я! Адашмасам, мен унга ойига 300 евро берардим.

Виржийлни бу ерда ҳамма яхши кўрарди. Унинг футболчи бўлишни хоҳлашини билардим. Катта футболчини эшитганимда хурсанд бўлдим. Унга қўнғироқ қилиб боғлана олмадим. Ишга қайтармоқчи эмасдим албатта (кулади), шунчаки ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлдим. У ҳақда нима дея оламан? Ишга вақтида келарди, ҳатто тунги навбат алмашишда ҳам кечикмасди. Идишларни тоза юварди»,- дейди собиқ ишчиси ҳақида жаноб Липс.

Кўрдингизми, бугун «Ливерпуль» ҳимоясини тартибга келтирган Виржийл ёшлигидан тартибни яхши кўрган: ишга вақтида келган, идишларни ҳам тоза ювган. Унинг ҳаётини ёш футболчиларга ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин. Виржийлнинг отаси ҳақида ҳам гапириб ўтиш керак. Рон ван Дейк Нидерландияда оддий телевизор устаси бўлиб ишлайди. У ўғлини футболга олиб борганини айтади. Виржийл «Ливерпуль»га ўтганида отаси Facebook’даги саҳифасида ўғли билан фахрланишини ёзади.

Виржийл «Саутҳэмптон»да ўйнаб юрган вақтида отасини жамоаси ўйинига таклиф қилган, лекин Рон таклифни рад этган. У Виржийл отам пулим кўпайгани учун мен билан алоқани тиклади деб ўйлашини хоҳламаган. Футболчининг биринчи жамоаси «VDS’19» мураббийлари айнан отаси Виржийлни футболга олиб борганини эслашади. Дарвоқе, «Саутҳэмптон»да ўйнаб юрган вақтида Виржийл биринчи жамоасидаги мураббийларига миннатдорчилик билдириш учун бориб, 3 кун болалар жамоаси билан машғулот ўтказган. Болаларга ўзининг Нидерландия миллий жамоасидаги либосини совға қилган. Ана шунақа гаплар.

Ван Дейкнинг бу мавсумдаги бир ҳаракати мухлисларни ҳимояланишни ҳам яхши кўришга ундаган бўлса керак. Эсингизда бўлса, «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда ван Дейк бирданига икки футболчини «ёпганди». Сиссоко ва Сон Хён Мин дарвоза томон катта тезликда бораётганида Виржийл уларнинг қаршисига чиқди ва иккаласига ҳам бирданига тўсқинлик қилди. Оқибатда «Тоттенҳэм» футболчилари гол ура олишмади.

«Уотфорд» ҳужумчиси Трой Дини «Ливерпуль» билан ўйиндан сўнг шундай деганди: «Виржийлга қарши ўйнаш қийин, у жуда катта». Ҳа, футбол фақат ҳужум қилиш, голлар уришдан иборат эмас. Ҳимоя ҳам футболнинг ажралмас қисми. Ван Дейкнинг «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндаги ҳаракатларини ҳали кўп вақт эслаб юрамиз. Ҳар бир чизиқнинг юлдузлари бўлиши футболни тўлиқроқ англашга ёрдам беради. Хуллас, кўз ўнгимизда яна бир супер ҳимоячи ва етакчининг пайдо бўлганидан хурсанд бўлсак арзийди, шундай эмасми?

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид