Спорт | 14:30 / 04.01.2018
16841
11 дақиқада ўқилади

Ҳимоячи учун 75 миллион: «Ливерпуль» тўғри қилдими?

Қишки трансферлар ойнаси навбатдаги рекорд билан бошланди. «Ливерпуль» 26 ёшли нидерландиялик ҳимоячи учун 75 миллион фунт тўлади. Виржийл ван Дейк дунёдаги энг қиммат ҳимоячига айланди. Хўш, бу келишув навбатдаги ақлдан озишми ёки футбол олами учун бундай трансферлар оддий ҳолга айланиб бормоқдами?

Клопп айнан Виржийлни истаганди

Фото: BBC Sports

Агар июль ойига қайтадиган бўлсак, ўзимизни жанжалнинг ўчоғида кўрамиз. Юрген Клопп Блекпулда Ван Дейк билан шахсан учрашди ва уни «Энфилд»га кўчиб ўтишга кўндиришга ҳаракат қилди. Клопп бу вазифанинг уддасидан чиққани эҳтимол, аммо бу учрашув ҳақида журналистларнинг хабар топгани ишнинг белига тепди.

«Саутҳэмптон» бу воқеадан хабар топди ва АПЛ раҳбариятига шикоят хати йўллади. Маълум бўлишича, клубнинг хабарисиз футболчи билан музокаралар ўтказиш  - tapping up, умуман қоидага хилоф экан. Натижада «Ливерпуль» расман узр сўрашига ва эндигина бошланган музокараларни тўхтатишига тўғри келди, Виржийл ван Дейк эса, «иш ташлаш»ни бошлаб юборди. Голландиялик ҳимоячига Юрген Клопп шунчалик ёқиб қолгандики, у ўзи билан қизиқаётган «Сити»га ҳам, «Челси»га ҳам қиё боқмади.

«Ливерпуль»нинг кайфияти ҳам тушиб кетганди. Энг асосий трансфер мақсадини бой берган клуб «Ҳалл Сити»дан Робертсонни сотиб олиш билан кифояланди. Аммо жамоа марказий ҳимоясига янги футболчи керак экани аниқ эди, ахир мавсумга фақат Матип, Ловрен ва Клаван билан кириб келиб бўлмайди-ку?

Стивен Де Врей, Холид Кулибали, Бенедикт Хеведес, Майкл Кин, Никлас Зюле – бу номлар Виржийлнинг ўрнига харид қилиниши мумкин бўлган марказий ҳимоячилар сифатида матбуот томонидан кўп тилга олинди, аммо Клоппга фақат Виржийл ван Дейк керак эди.

Таққослаш учун бир факт. Муҳаммад Салоҳ Клопп учун учинчи вариант бўлган. Мураббий кўпроқ Брандт ва Майерга қизиқиш билдирган. Аммо бу трансферларда қийинчилик юзага келгач, мураббий улардан осонгина воз кечиб, Салоҳга рози бўлган. Виржийл ван Дейкдан эса, Клопп воз кечмади ва ушбу трансферни кутишга кўнди. Демак нимадир бор.  

Виржийл ростан ҳам яхши ҳимоячи

Фото: BBC Sports

Нидерландиялик футболчининг устунликларини кўриш учун Клоппнинг кўзойнаги шарт эмас. У ўтган мавсумда Англиянинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлди ва буни «Ливерпуль»нинг ўзи ҳам «ўз танасида ҳис қилди». «Саутҳэмптон» аввалига Клопп шогирдларининг ғалабали сериясига нуқта қўйди, кейин эса, Лига кубоги ярим финалидан чиқариб юборди. Бу ўйинларда Виржийл бошчилигидаги ҳимоя чизиғининг хизмати жуда катта бўлганди.

Ван Дейк қайсидир жиҳати билан Винсен Компанининг энг яхши даврларини ёдга солиб юборади. Бу футболчиларни боғлаб турадиган асосий жиҳат – уларнинг ёнида бутун ҳимоя ишончли тўп сура бошлайди. Ван Дейкнинг ўзи жуда кам хато қилади, сўнгги икки йилда у атиги 2 марта ҳимояда хатога йўл қўйган холос. Ўтган мавсумнинг ўзида Ловреннинг уч маротаба қўпол хатога йўл қўйганини эътиборга олсак, «Ливерпуль» ҳимояси сезиларли тарзда кучайишини тахмин қилиш мумкин.

Виржийл «Ливерпуль» ҳимоясига ақл ва хотиржамлик билан биргаликда, юқори қаватлардаги устунликни ҳам тақдим этади. Футболчи АПЛда юқори қаватдаги курашлар статистикаси бўйича, ушбу мавсумда фақат Курт Зумадан ортда қолмоқда холос. «Ливерпуль» АПЛда ўртача бўйи ва оғирлиги энг паст жамоадир, Виржийлнинг келиши жамоанинг ушбу йўналишда ҳам кўрсаткичларини оширади ва айниқса, стандарт вазиятларда юзага келадиган муаммоларга барҳам беради. 

Ван Дейкнинг ўзи учун ҳам, бир пайтлар Матс Ҳуммелс, Невен Суботич каби ҳимоячиларни кашф қилган мураббий билан бирга ишлаш ҳақиқий топ-ҳимоячи бўлиб етишишда фойдали бўлади.

Ван Дейк – топ-клубга аталган ҳимоячи

Фото: Твиттер

Ван Дейкнинг бутун фаолияти юқорига қараб босқичма-босқич ҳаракатдир. У аввалига «Виллем» академиясида икки йил ўйнади, кейин эса, «Гронинген» таркибида икки мавсум ўтказди. Маҳаллий грандлар учун керак бўлмаган Виржийл Британияни забт этиш учун йўл олади ва «Селтик» сафига бориб қўшилади. Шотландияда ҳам икки мавсум ўйнаган қаҳрамонимиз «Саутҳэмптон» таклифига рози бўлади.

У ўйнаган ҳар бир жамоасида етакчи бўлган, сардорлик боғичини таққан ва жамоа савиясидан ҳам юқорига кўтарилгани яққол сезилгач, кучлироқ жамоага кетган.

Ҳимояланишни жуда яхши уддалайдиган ҳимоячилар кўп, айниқса, Англия Премьер Лигасида. Аммо айнан топ-клублар сафида тўп сурадиган ҳимоячи тўпни назорат қилиш, ҳужумни бошлаш борасида ҳам қобилиятли бўлиши керак. Бу томондан Виржийлда муаммо йўқ, унга Нидерландия терма жамоасида ҳам айнан ҳужумларни бошлаш юклатилган. Бу шунчаки, қисқа паслар эмас, 40-50 метрга юқорилатиб аниқ узатмаларни амалга ошириш ҳам Виржийлга чўт эмас. Шунингдек, Шотландия чемпионатини кузатган мухлислар бўлса, унинг жарима зарбаларини ҳам эслаб қолишган, бўлишлари керак.

Виржийл ўйинларни ютиб бериши мумкин

Фото: Твиттер

Ван Дейкнинг Лукаку нархида сотиб олиниши кўпчиликда ғалати фикрлар пайдо қилди – «ахир у Лукаку эмас, бир мавсумда 30 гол урмайди, бир ўзи баъзи ўйинларни ютиб бера олмайди, унга Лукакуга тўланган пулларни тўлаш, аҳмоқлик».

Лекин «Ливерпуль»да гол уриш бўйича муаммо йўқ. Жамоанинг асосий муаммоси урилгандан кўра камроқ ўтказиб юбориш. «Ливерпуль»нинг ушбу мавсумда 7:0 ҳисобидаги ғалабалари, 1:0 дан кўра кўпроқ, ишонаверинг. Энди тасаввур қилинг, мавсум бошидан бери ҳимоя марказида Деян Ловрен эмас, Ван Дейк ўйнаганда, қандай бўларди?

Шунчаки, эсда қолганларини айтиш мумкин. «Эвертон» билан ўйинда Ловрен меҳмонларнинг ёш ҳужумчиси Калверт-Левиндан кўра яхшироқ позицияда турганди, аммо тўп билан қанотга қараб кетаёган ҳужумчига нисбатан қоида бузилди ва йўқ жойдан пенальти пайдо бўлди. Ўша ўйинда бошқа бирорта ҳам ҳужум қилмаган Эллардайс жамоаси «Энфилд»дан очко олиб кетди. Бу вазиятсиз «Ливерпуль»да икки очко кўпроқ бўларди – бу кўп вазиятлардан бири холос. Ҳимоядаги ишончли ўйин жамоага очколар олиб келади, бу аниқ.

Бу трансфер клуб имижига ижобий таъсир кўрсатади

Фото: Liverpool FC News

Ўз вақтида Стивен Жерарднинг яхши футболчиларга қўнғироқ қилиб, «Ливерпуль» сафига қўшилишларини илтимос қилгани ҳақида хабарлар чиққанди. Кейинчалик, бу ишни Клопп зиммасига олди, айнан немис мураббийи билан суҳбат Ван Дейкни «иш ташлашга», Окслейд Чемберлейнни эса, «Челси»дан воз кечишга етарли ундай олди. Бу ҳолатда клуб ўз мураббийи амбициясига жавоб бера олмаса, келажакдаги трансферлар учун зиён бўлиши турган гап эди.

Ван Дейк трансферининг қиймати АПЛда учинчи ўринда, футболчи дунёда энг қиммат ҳимоячига айланди. Юрген Клопп исталган футболчини сотиб олишга қодир эканини ҳар қанча айтмасин, «Ливерпуль» сотиш ва сотиб олиш баланси бўйича АПЛ ўртамиёналари сафида бўлса, ўша фикрларнинг қиймати қолмасди. «Ливерпуль» бу харид билан ниҳоят ўзининг жиддий амбициясини ва ўзи учун керакли футболчини ҳар қандай қийматда сотиб олишга тайёр эканини намойиш қила олди.

Хулоса

Фото: Liverpool FC News

Юқорида фикрлар трансфернинг оқилона эканига сизни ишонтира олмаган бўлса, яна бир қатор аргументлар келтирамиз.

Биринчидан, инфляция. Футболда пулларнинг кўпайганини эътиборга олсак, масалан, Виржийлни ўша Рио Фердинанддан қимматга сотиб олинган деб бўлмайди. Бунинг устига Неймарнинг трансфери барчасини остин-устин қилиб юборди, энди ҳар қандай суммага ишониш мумкин. Катта эҳтимол билан, яна 1-2 трансфер даричасида бу рекорд ҳам янгиланади.

Иккинчидан, ушбу трансфер қишда амалга оширилди. Бу мавсумда сотилган футболчининг ўрнини тўлдириш осон эмас, шунинг учун бироз нархлар қимматроқ бўлади.

Учинчидан, Виржийл ушбу мавсумда еврокубокларда майдонга тушмаган. Демак, «Ливерпуль» уни Европа Чемпионлар Лигасида ҳам ўйнатиши мумкин. Юқори савияга эга бўлган ва еврокубокда майдонга тушмаган футболчини топиш осон эмас.

Тўртинчидан, нидерландиялик футболчи «Саутҳэмптон» билан узоқ муддатли шартномага эди. Шу сабабли, клуб футболчига исталганча нарх қўя оларди.

Бешинчидан, «Ливерпуль»нинг бутун ҳимояси 69 миллион фунтга тушган холос. Бу пулга «Манчестер Юнайтед» Байи ва Линделофни сотиб олди холос. «Челси» эса, сўнгги бир йилда ҳимоя учун 100 миллион сарфлади. «Манчестер Сити»ни ортиқча эслатиш ҳам шарт эмас. Яъни, «Ливерпуль» сўнгги йилларда ҳимоя чизиғига у қадар кўп маблағ сарфламади ва иқтисод қилинган маблағни мураббий ростан ҳам ҳимояни кучайтиришни режалаштираётган номзод учун сарфлаши мантиқан тўғри қарор.

«Ван Дейк ўйинимиз сифатини оширади. Айнан шу сабабли, унга қизиқдик ва айна шу сабаб билан уни сотиб олдик. Жамоа мухлисларига трансфер қийматини унутишни маслаҳат берардим. Футболчи ҳақида гапирганда, унинг жамоага нима олиб келиши муҳим – сифат, менталитет, характер. Шу туфайли, мен ҳам, клуб ҳам ушбу трансфердан жуда хурсандмиз» – деб изоҳлади Юрген Клопп.

Яъни, барчаси 26 ёшли футболчининг ўзига боғлиқ. Агар у мураббий ва клуб кутганидек ўйнаб кетса, бир неча ой ўтиб трансфер қиймати унутилиб кетади. Виржийл учун бу янгилик эмас, сўнгги йилларда амалга ошириб ўрганган вазифа....

Sports.ru материали асосида

Мавзуга оид