Спорт | 20:18 / 20.05.2019
16607
9 дақиқада ўқилади

Мўлжалда 2024 – Чемпионлар Лигасини қандай ўзгаришлар кутмоқда

Чемпионлар Лигасининг бу мавсуми мўъжизаларга бой бўлди. Катта эҳтимол билан унинг тарихдаги энг зўр мавсумини кўрдик. Бунда ёш ва шижоатли «Аякс» асосий қаҳрамонга айланди. Амстердамликлар асосий фаворитлар – «Реал» ва «Ювентус»ни шафқатсизлик билан мусобақадан тушириб юборишди. Бундан ташқари сўнгги 23 йил ичида илк маротаба финалга чиқишлари ҳам мумкин эди. Аммо сўнгги сонияларда йўлни «Тоттенҳэм»га бўшатиб беришди.

Молиявий томондан камтарона бўлган клубларнинг чўққига чиқишини аста-секин унутиб ҳам қўйган эдик. Сўнгги марта бундай жасоратни «Порту» 2003/04 мавсумида кўрсатиб, Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган эди. Мусобақа тарихида эса «Боруссия» Д, «Аякс», «Марсель», «Црвена Звезда» ва ҳатто «Стяуа» каби клублар нуфузли совринни қўлга кирита олишган. Бугунги кунда бундай воқеанинг юз беришини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Яқин келажакда эса умуман иложи бўлмай қолади. Сабаби – УЕФА Чемпионлар Лигасининг янги форматини тайёрламоқда. Қуйида «Бизнес ONLINE» нашри томонидан шу мавзуга бағишлаб тайёрланган таҳлилий мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИДА НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ

Икки ой олдин энг бой ва машҳур клублардан таркиб топган Европа Клублари Уюшмаси (ЕСА) билан УЕФА ижро қўмитаси Швейцариянинг Ньон шаҳрида тўпланиб, еврокубокларни, биринчи навбатда Чемпионлар Лигасини ислоҳ қилиш масаласини муҳокама қилишди. Кун тартибидан турнирнинг ёпиқ бўлиши ва мукофот пулларининг кўпайиши асосий жой эгаллади.

Бир неча йил олдин топ-клублар Суперлигани тузиш ҳаракатини бошлаб қўйишган эди. Агар бу режа амалга ошса, УЕФА қарамоғидаги еврокубокларга путур етиши, ташкилотнинг ўзи эса катта даромаддан қуруқ қолиши мумкин эди. УЕФА узоқ вақт давомида Суперлига ғоясига қарши чиқиб келди. Аммо унинг амалга ошиш режасини бартараф қилишга ожизлигини билгач, жараённи назорат қилиш ҳаракатини бошлади. Натижада, топ-клублар билан муросага келиб, Чемпионлар Лигаси форматини ўзгартиришга қарор қилинди.

«Биз келажак учун тамал тошини қўймоқдамиз. Тез орада Чемпионлар Лигаси ва клублараро жаҳон чемпионати форматида сизларга ёқадиган ўзгаришлар бўлади. Чемпионлар Лигаси – бу бизнес. Уни нимага ўзгартиряпмиз? Чунки янада яхшироқ қилмоқчимиз.

Фанатлар биздан Европанинг энг зўр клубларига қарши ўйинларнинг кўпроқ бўлишини талаб қилишмоқда. Янги формат 2024 йилдан бошлаб бизга бундай имкониятни беради. Оддий мисол, биз «Манчестер Юнайтед» билан чоракфиналда ўйнадик. Сўнгги бор «Камп Ноу»да бу 11 йил олдин юз берган эди. «Ливерпуль» билан 13 йил олдин ўйнаганмиз.

Аммо биз фақат топ-клублар иштирок этадиган ёпиқ турнир ҳақида гапирмаяпмиз. Унда «Аякс» каби жамоалар учун ҳам жой бўлади. Биз эволюция қилмоқчимиз, революция эмас» (Жозеп Мария Бартомеу, «Барселона» президенти).

Бу жараёндаги илк қадамлар 2 йил олдин ташланди. Дастлаб, энг кучли 5та чемпионат (Англия, Испания, Италия, Германия, Франция) вакилларига Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан 4та ўрин кафолатланди (аввалроқ, фақат учта ўрин эди. Тўртинчи жамоа саралаш ўйинларида қатнашиб, баъзан гуруҳ босқичига чиқолмасди). Табиийки, камтарона бўлган бошқа чемпионат вакилларининг турнирда иштирок этиш имкониятлари янада пасайди.

Сўнгги бир йил ичида ишлаб чиқилаётган янги форматга биноан, 2024 йилги мавсумдан бошлаб, Европанинг энг бой ва энг яхши 24та клуби ички чемпионат натижалари қандай бўлишидан қатъий назар, Чемпионлар Лигасида мунтазам иштирок этишади. УЕФАнинг қолган 55та миллий федерациялари учун эса атиги 8та ўрин қолади.

Мусобақанинг ўтказилиш формати ҳам ўзгаради. 8та иштирокчидан иборат 4та гуруҳ тузилади (ҳозирги вақтда 4та иштирокчидан иборат 8та гуруҳ бор). Ҳар бир гуруҳнинг энг яхши 4та клуби плей-офф йўлланмасига эга бўлади. Натижада, ҳар бир клуб гуруҳ босқичида ҳозиргидек 6та эмас, балки 14та ўйинни ўтказиш имкониятига эга бўлади. Топ-клублар иштирокчидаги ўйинлар сони ошади, даромад ҳам кўпаяди, мухлисларнинг мусобақага қизиқиши ортади. Ислоҳотлардан асосий мақсад ҳам шу.

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Чемпионлар Лигасида ўйинлар сонининг ошиши, уларнинг бир қисмини дам олиш кунлари ўтказилишига олиб келиши мумкин. Одатда, бу кунлар миллий чемпионатлар учун қолдирилганини ҳисобга оладиган бўлсак, албатта лигалар ўз жозибасини йўқотади ва даромадларнинг бир қисмидан айрилади. Бир неча ой олдин бу масала бироз бўлса-да муҳокама қилинган эди. Ҳозирги вақтга келиб УЕФА барча режалар ва тақвимларни лигаларнинг иштирокисиз тузиб қўйган.

«2024 йилга режалаштирилаётган бу лойиҳадан хавотирдаман. Улар Чемпионлар Лигасининг янги формати ҳақида гапирмоқда, бироқ бу умуман янги мусобақадир. Улар мусобақага фақат 32та жамоани киритиб, иштирокчиларни ўзгармас қилмоқчи.

Примера бундан зарар кўриши мумкинми? Албатта. Европада 10та кучли жамоа бор, жумладан, «Реал» ва «Барселона» ҳам. Қолганларнинг савияси эса паст. Биз УЕФАни бу фикридан қайтармоқчимиз. Биз стратегия ишлаб чиқяпмиз ва сиёсатчилар бу масалада бизга ёрдам бериши керак. Агар бу мусобақа жорий қилинса, Примерадаги клублар орасида тақсимланадиган пул камаяди. Чунки пулларни Чемпионлар Лигасига чиққан клублар олади» (Хавьер Тебас, Ла Лига раҳбари).

Янги формат кўпроқ Италия вакилларига ёқяпти. «Ювентус» молиявий жиҳатдан янада қудратли бўлишни истаяпти. «Милан», «Интер» ва «Рома» клублари бу лойиҳа орқали элитага қайтишни орзу қилишмоқда. 90-йилларда Италия чемпионати энг қизиқарли, энг зўр ва энг бой лига эди. Янги формат Италияни аввалги савияга қайтара олмаса-да, топ-клубларни қайтара олади. Ўртамиёна ва камбағаларнинг аҳволини эса ҳеч кимга қизиғи йўқ.

Инглиз клублари Чемпионлар Лигаси форматини муҳокама қилишда фаол эмас. АПЛ – дунёнинг энг бой лигаси. ТВ компаниялар унинг ўйинларини намойиш қилишга миллиардларни тўламоқда. Бироқ, Чемпионлар Лигаси ўйинларини дам олиш кунларига кўчирилиши Англия футболининг даромад манбаи илдизига болта уриши ҳам мумкин.

БОШҚА КЛУБЛАРНИ НИМА КУТМОҚДА

Шубҳасиз, янги форматнинг жорий қилиниши оқибатида бой ва камбағал клублар орасидаги фарқ ортади. Иккинчи эшелон лигаларининг, хусусан Шарқий Европа мамлакатлари, Нидерландия, Бельгия, Португалия каби мамлакатларнинг клублари учун Чемпионлар Лигасидаги жой қисқаради. УЕФА улар учун 32та жамоадан иборат алоҳида мусобақани жорий қилмоқчи. Нуфузи жиҳатидан учинчи ўринда турадиган ва 64та жамоа учун мўлжалланган яна бир мусобақани ташкил қилиш ҳам режалаштирилмоқда. Аммо, табиийки, бу турнирларда даромад юқори бўлмайди.

Албатта, клубларда Чемпионлар Лигасига чиқиш имконияти бўлади. Аммо топ-клубларнинг молиявий устунлиги янги жамоаларга элитада қолиш имкониятини бермайди. Бундан ташқари, ўртамиёналар яхши футболчиларни қўлга киритишда қийналишади. «Аякс» каби мўъжизакор клублар бўлади, аммо уларнинг сони камаяди. Амстердамликлар Чемпионлар Лигасига ички чемпионатда 2-ўринни эгаллаган ҳолда чиққан эдилар. Янги форматда эса бунинг имконияти йўқолади, рақобат эса каррасига ошади.

Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Футбол аллақачон бозор иқтисодиёти муносабатларининг марказидан жой олиб, катта бизнесга айланган. Демак, монополизация бу соҳани ҳам четлаб ўтмайди. Топ-клублар Чемпионлар Лигасини монополлаштирмоқда холос.

Янги формат ҳали жорий қилинмаган бўлса-да, унинг салбий оқибатлари куртак чиқара бошлади. Франциянинг «Сент-Этьен» клуби раҳбари Бернар Каяццо сўзларига кўра, Чемпионлар Лигасидаги ўзггаришлар ҳақида гап-сўзлар тарқалгач, бир неча йирик инвесторлар клубнинг элитага чиқиш имкониятларини паст деб баҳолаб, ҳамкорлик қилишдан воз кечган. Энди қандайдир миллиардерга ўз орзусини рўёбга чиқариш қийинроқ бўлади. Футбол бизнес бўлиб қолаверади. Аммо у фақат сараланганлар учун энг йирик бизнес бўлади холос.

Мавзуга оид