Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида мутлақо янги институт амалиётга татбиқ этилди. Яъни, 2019 йил 18 май куни парламент қуйи палатасида илк бор Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири — ўн биринчи синф битирувчиларининг кейинги тақдири ҳақидаги саволи кўпчиликнинг эътиборини тортди.
— Мамлакатимизда таълим тизимини модернизация қилиш, уни қайта қуриш, фан, техника, технология, иқтисодиётнинг замонавий ютуқлари асосида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда, — деди депутат Ж.Пирматов. — Бу соҳа Президентимиз томонидан ҳам алоҳида назоратга олинган барчамизга маълум. Давлат дастури ижроси таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, ҳисобот даврида ижтимоий соҳаларга Давлат бюджети харажатларининг 54 фоизи ажратилган ва ушбу йўналишда амалга оширилган харажатлар ўтган йилга нисбатан 1,7 баробарга ошган.
Бугунги кунда умумтаълим мактабларининг ишлаб чиқариш мажмуаларида ўргатиладиган касб-ҳунарлар сони 51 тани ташкил қилиб, келгусида уларни 90 тага етказиш белгиланган.
Давлат дастурининг 211-бандида мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш бўйича бир қатор вазирликлар масъуллигида жорий йилнинг март ойигача норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш белгиланган эди. Яъни, 11-синфни битирган ўқувчиларнинг касб-ҳунарли бўлиши учун ҳаммага бир хил уч йиллик касбий таълим ташкил этиш эмас, балки касб ва ҳунарнинг туридан келиб чиқиб, коллежларда ўқиш муддатини турлича этиб белгилаш масаласи юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш вазифаси қўйилганди. Аммо бу ҳужжатдан ҳозиргача дарак йўқ.
Ушбу масалада президент жорий йил феврал ойида Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ҳам тўхталиб, иқтисодиётнинг ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини яратиш бўйича 1 апрелга қадар муҳим топшириқлар берган эди.
Саноқли кунлардан сўнг республикада ўқувчилар илк бор ўн биринчи синфни битиришади. Коллежларда ҳали ҳам 6 ойлик ёки 1 йиллик ёхуд 2 йиллик таълим дастурлари жорий этилгани йўқ. Бундан ташқари, қайси касб-ҳунар таълим муассасалари ёпилиши ёки қисқартирилиши масаласи ҳам ҳал этилмаган.















