“126 минг нафар олий таълим битирувчиси ҳали иш тополгани йўқ” – Беҳзод Мусаев
Бу йил олий таълимни тамомлаган битирувчилар сони 214 минг нафарга етган. Шунинг 88 минг нафари шартнома асосида корхона ва ташкилотларда расман ишламоқда. Қолгани ишга жойлашганича йўқ. Бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг айтишича, 95 минг нафар битирувчининг иш масаласи ҳал қилинади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев 2023-2024 йилги олий таълим битирувчиларига оид ҳисоботни тақдим қилди.
Унга кўра, ўтган ўқув йилини тугатган 214 минг нафар битирувчининг тўлиқ рўйхати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан олинган ва бандликка оид маълумотлар базаси билан солиштирилган.
Шунинг 41 фоизи, яъни 88 минг нафари ҳозирги кунда корхона ва ташкилотлар томонидан ягона миллий меҳнат тизими орқали меҳнат шартномаси асосида қабул қилингани аниқланган. Қолган 59 фоизи, 126 минг нафар битирувчи ҳали иш топмагани маълум бўлган.
Вазирга кўра, ишга жойлашмаган ёшларнинг муаммосини ҳал қилиш учун август-сентябр ойларида тизим ташкилотлари билан иш олиб борилади.
“Бугунги кунда миллий вакансиялар базасида 358 минг бўш иш ўринларидан олий маълумот талаб қилинадиган бўш иш ўринлари 112 мингтани ташкил этмоқда. Ишсиз битирувчиларнинг тамомлаган соҳа-йўналишлари бўйича бўш иш ўринларига мос келишини солиштириб чиқдик, таҳлил қилдик.
[Шунга кўра] 95 минг нафар битирувчиларни 102 мингта бўш иш ўринларига ишга жойлаштириш имконияти борлиги аниқланган. Ҳозирги кунда биз ҳар бир битирувчини туман, шаҳар кесимида ўзи турадиган жойига қараб, август ойида уларни ишга жойлаштириш бўйича номма-ном иш олиб борамиз”, – деди у
Мусаевнинг айтишича, бугунги кунда ягона миллий меҳнат тизими орқали вакансиялар базасида 139 минг корхона ва ташкилотларнинг 358 мингта бўш иш жойи ҳақидаги маълумот жойлаштирилган. Шундан 81 мингтаси давлат ташкилотлари, 277 мингтаси эса хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Бўш иш ўринларининг 96 мингтаси хизмат кўрсатиш, 56 мингтаси таълим, 57 мингтаси саноат ва ишлаб чиқариш, 48 мингтаси қишлоқ хўжалиги, 26 мингтаси соғлиқни сақлаш, 32 мингтаси қурилиш, 5 мингтаси молия ва суғурта, 7 мингтаси алоқа ва ахборот технологиялари, 4 мингтаси маданият ва бошқа соҳаларга тўғри келади.
Мавзуга оид
09:10 / 03.10.2024
Ўзбекистонликлар Қатарга ишга юборилади
09:50 / 01.10.2024
АҚШга ишга юборишини айтиб пул олганлар ушланди
15:21 / 25.09.2024
Муаммолар оғушидаги “олтин давр”: талабаларнинг ўқишга вақти борми ўзи?
09:30 / 24.09.2024