Иштихон туманида содир бўлган мудҳиш жиноят — бир оиладан беш кишининг ўлдирилиши бутун Ўзбекистонни ларзага солди.

Мудҳиш жиноят дарҳол Бош прокурор назоратига олинди ва жиноят изи совимасдан қотиллар қўлга олинди. Жиноят тафсилотлари ва гумондорлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Эркин Хайруллаев Kun.uz’га маълумот берди.

Видео: Youtube

Айни пайтда мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлар натижасига кўра, ушбу қотиллик Иштихон туманида яшовчилар — 1981 йилда туғилган Т.Ғ., 1995 йилда туғилган Э.Ш., 1993 йилда туғилган У.Ж. ва Қўшработ туманида яшовчи 1996 йилда туғилган Н.Х. томонидан содир этилгани аниқланиб, улар ушланган. Ҳозир бу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Терговчи шуни алоҳида таъкидлаб ўтдики, айрим информацион сайтлар ва ижтимоий тармоқлар ва мессенжер каналларида тарқалган, тўрт ёш йигит — гўёки қотиллар тасвирлангани иддао қилинаётган фотосуратлар қалбаки. Бу суратларнинг мазкур жиноят ишига алоқаси йўқ.

Одатда, бундай мудҳиш жиноятларни марҳумларни яқиндан билган одамлар содир этишади. Шундай бўлиб чиқди ҳам — қотилларнинг уч нафари марҳумларнинг қишлоқдоши. Улардан бири — ёши энг каттаси ҳаттоки марҳум оиланинг ён қўшниси.

Иштихон туманида адир этагида жойлашган Чимқўрғон қишлоғида томорқалар катта. Уйлар атрофи ўралмаган. Қўни-қўшнилар ҳамсоясиникида нималар бўлаётганини яққол кўриб туришади. Бу ҳол йиллар давомида қўшнилар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат тимсоли бўлиб келган.

Бироқ бу воқеада ана шу ишончга путур етган. Дастлабки тахминларга кўра, жиноят бойликка эга бўлиш мақсадида, аввалдан режалаштирилиб, қасддан амалга оширилган. Жиноятга қўл урган гумондорларнинг уч нафари ҳали 30 ёшга ҳам кирмагани кишини ўйлантиради. Эндигина мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйган йигитларнинг қотил деган тавқи лаънатни бўйнига илиб, узоқ муддатга панжара ортига йўл олиши... буни қандай тушунтириш мумкин? Наҳот инсон умри шу қадар арзон?