20:54 / 28.05.2019
13732

Фазодан кузатганда бари кундек равшан: Патагония ҳам ўз музликларини йўқотмоқда

Патагония Анд тоғликлари билан бир қаторда Жанубий Америкадаги аҳоли энг кам жойлашган ерлардан саналади. Мураккаб тоғ рельефи ва юмшоқ бўлмаган иқлими сабаб бу ерда аҳоли зичлиги паст ва инфратузилма деярли ривожланмаган. Фаунанинг хилма-хиллиги ҳам у қадар катта эмас. Ахир бундай географик шароитларда ҳамма ҳам жон сақлолмайди-да. Бироқ Патагонияда катта музликлар анчагина. Улар олимларда Ерда содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари индикатори сифатида катта қизиқиш уйғотади.

Фото: TravelAsk

Патагония – дунё миқёсидаги кучли музлаш маркази. Бу ерда Упсала, Перито-Морено, Спегаццини каби бир неча йирик музликлар тўпланган. Биргина Лос-Гласьярес боғи чегарасида деярли 50 та музлик жойлашган. Мазкур жонсиз муз тўпламига қараганингизда глобал исиш уларга таҳдид солмаётгандек туюлади. Бироқ бу алдамчи таассурот, сайёрадаги иқлим ўзгаришларини бу ерда ҳам ҳис этиш мумкин.

Фото: TravelAsk

Патагония музликларини экспедиция давомида нафақат гляциологлар, балки ХКС бортидаги космонавтлар ҳам кузатишади. Масалан, «Ураган» номли дастур доирасида Россия сегментида атроф-муҳит ҳолати, жумладан, Патагония музликлари бўйича ҳам комплекс кузатувлар олиб борилади. Мазкур ҳудудга бориш осон бўлмагани ҳисобга олиниб, орбитадаги кузатувлар музликлар массивларини кузатишдаги бўш жойларни тўлдиради ва ХКСнинг ушбу ҳудуд устидан мунтазам учиб ўтиши сабаб тўлиқ суратни беради.

Фото: TravelAsk

«Ураган» дастури доирасида олиб борилган кузатувларга кўра, Патагония музликлари сайёранинг бошқа ерларида бўлгани каби сўнгги ўн йилликда қисқариб бормоқда. Масалан, Упсала музлиги йирик айсбергларни етказиб берувчи саналади, бироқ унинг майдони ҳар йили тобора қисқармоқда. Афсуски, ҳатто бу қадар шафқатсиз иқлим, доимий равишда эсувчи шамол ҳам Патагония музликларини аста-секин эришдан ҳимоя қилишга қодир эмас.

Top