16:12 / 25.05.2024
8619

Венесуэла барча музликлари эриб кетган тарихдаги биринчи давлатга айланди

Гарчи Венесуэланики каби кичик музликлар денгиҳ сатҳи ошишида унча катта рол ўйнамаса-да, бироқ улар иссиқ мавсумда ўзлари жойлашган ҳудуддаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда муҳим. Музликларидан ажралиши кутилаётган кейинги давлатлар Индонезия, Мексика ва Словения бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Халқаро Криосфера Иқлим Ташаббуси ((ICCI) илмий тарғибот ташкилоти X ижтимоий тармоғида Венесуэлада қолган ягона Ҳумболт ёки Карона музлиги музлик деб аташ учун жуда кичик бўлиб қолганини эълон қилди.

Венесуэла ўтган асрда 6 та музлигини йўқотганди. Сўнгги Карона музлиги 450 гектардан атиги 2 гектар майдонга қисқарган, натижада музлик “муз майдони” сифатида қайта таснифланди.

Музлик даражасига эга бўлиши керак бўлган минимал ўлчам бўйича глобал стандарт мавжуд бўлмаса-да, АҚШ Геологик хизмати умумий қабул қилинган кўрсатмага кўра, музлик тахминан 10 гектарни ташкил этиши керак.

Лондон Университет коллежининг ер тизими фанлари профессори Марк Маслиннинг айтишича, Ҳумболт каби муз майдони - тахминан иккита футбол майдончаси майдонига тенг – ва у ортиқ "музлик эмас". “Музликлар бўлиши учун улар водийларни қоплаб туриши керак. Шунинг учун Венесуэлада ортиқ музлик йўқ деб айтиш мумкин”, дейди олим.

Профессор Маслиннинг айтишича, бир музликнинг эриб кетиши қуёшнинг ерни янада қаттиқроқ қизитишига сабаб бўлади, натижада ёзда муз ҳосил бўлиш эҳтимоли пасаяди.

Музликларидан ажралиши кутилаётган кейинги давлатлар Индонезия, Мексика ва Словения бўлиши мумкин.

Бу давлатлар нисбатан экваторга яқин ва уларда жойлашган тоғларнинг баландлиги ҳам нисбатан пастроқ. Шунинг учун уларда музликлар эриши эҳтимоли юқори. Гарчи Венесуэланики каби кичик музликлар денгиҳ сатҳи ошишида унча катта рол ўйнамаса ҳам, улар, айниқса, иссиқ мавсумда ўзлари жойлашган ҳудуддаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Охирги ўрганишлар 2100 йилгача дунёда мавжуд музликларнинг 20 фоиздан 80 фоизгача қисми йўқолиб кетишини прогноз қилмоқда. Атмосферага чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш глобал муз депозитларини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин. Улар тириклик, энергия, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун зарур.

Top