Ўзбекистон | 18:10 / 03.06.2019
5883
3 дақиқада ўқилади

«Олдинги қонун лойиҳасини Москвадаги юридик фирма тайёрлаб берган эди». Давлат-хусусий шериклик бўйича янги қонун муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Қонунчилик палатаси ва Давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш агентлиги вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат мавзуси «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун ва унинг аҳамияти масаласида бўлди.

Йиғилишда Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси  раиси Илҳом Абдуллаев, агентлик бошқарма бошлиғи Шуҳрат Жўраев ва депутат Шуҳрат Тўхтабоев журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Журналистлар томонидан берилган саволлар асосан давлат-хусусий шериклиги тушунчаси, соҳага киритилиши кутилаётган инвестициялар ҳамда давлат ва хусусий сектор ўртасида хатарлар ҳақида бўлди.

Олдин ҳам бир марта бундай қонун лойиҳаси қўйилган ва олиб қўйилган эди. Бу янги қонуннинг олдинги қонун лойиҳасидан фарқи қандай?

—Олдинги қонун лойиҳаси жуда ҳам саёз тузилган. Ўша лойиҳани Москвадаги юридик фирма қилиб берган. Агар биз ўша қонун лойиҳаси билан борганимизда эди, парламентда ҳали ҳам тасдиқдан ўтмаган бўлар эди. Адлия вазирлиги кўриши биланоқ айблар айтилган ўшанда. Ўша лойиҳани биз қилмаганмиз. Бизнинг ташкилот тузилиши билан қонун лойиҳасини яхшилаб, пухта қилиб туздик, дея тушунтириб ўтди Шуҳрат Жўраев.

Қонунга кўра, 10 миллион доллардан ошиқ бўлган лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган. Шу миқдор келажакда кўтарилиши мумкинми? Бундай тартиб ортиқча ҳужжатбозликка сабаб бўлмайдими?

—Айнан 10 миллион доллардан юқори лойиҳалар ҳозирги иқтисодиётимиздан келиб чиқиб белгиланган. Бу миқдордан паст бўлган, яъни 1 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлган лойиҳалар агентлигимиз билан биргаликда тайёрланади. Агар Вазирлар Маҳкамаси томонидан бирор сабаб билан лойиҳа қайтарилса, агентлик сифатида биз ҳам ташлаб қўймаймиз. Албатта, ёрдам берамиз. Бу тартибнинг яна бир жиҳати борки, масалан ҳокимликларда ер масаласи тақалиб қолган бўлса, ўзига юклаб қўйган бўлсак шериги ҳам ўзи бўлиб қолмайдими? Майда лойиҳалар агентлик томонидан амалга оширилаверади, дейди агентлик вакили.

—Жаҳон тажрибасида 50 миллион доллардан кам бўлган лойиҳалар давлат-хусусий шериклиги сифатида талқин қилинмайди. Ҳозирги бу миқдор вақтинча албатта бу секин-секин кўтарилиб боради, деди қўмита раиси Илҳом Абдуллаев.

Қонун қабул қилинди ва янги катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аэропортлар, йўллар қурилиши каби ишлар қилинмоқда. Бу масалаларда парламент назорат қилиб борадими?

—Қонунда назорат қилиш назарда тутилган. Буни биз алоҳида банд билан қўшиб қўйганмиз. Қонун ижроси мониторинги доимий юритилиб борилади. Қонунда бунга ҳеч қандай тўсиқларни мен кўрмаяпман, дея жавоб берди қонунчилик палатаси депутати.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид