Жамият | 20:56 / 07.06.2019
2989
2 дақиқада ўқилади

Заргарлар мустақил белгилаган асиллик даражасининг ҳаққонийлиги қандай аниқланади?

Заргарлар томонидан ўз маҳсулотига мустақил равишда қўйилган асиллик даражасининг ҳаққонийлигини текшириш учун жойларда экспресс лабораториялар фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзбекзаргарсаноати» раҳбарияти билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълумот берилди.

Жорий йилнинг 18 май санасида «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинган эди. Унга кўра, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзининг рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини буюмга босиш шарти билан давлат асиллик даражасини мажбурий равишда қўймасдан ўзи ишлаб чиқарган заргарлик ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларнинг асиллик даражасини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилган эди.

«Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Мираҳмедовнинг маълумот беришича, харидорлар заргарнинг ўзи қўйган асиллик даражасини текшириб кўришлари учун шароит яратилади.

«Асиллик даражасининг ҳаққонийлигини текшириш учун бозорлар, йирик савдо марказларида махсус экспресс лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Харидор сотиб олган заргарлик буюмининг асиллигига шубҳа қилса, лабораторияга мурожаат қилиб, қисқа муддатда уни текшириб олиши мумкин. Бундай лабораториялар хусусий тадбиркорлик асосида очилиши кўзланган», - дейди Мираҳмедов.

Асиллик даражасининг нотўғри кўрсатилгани аниқланса, истеъмолчи «Ўзбекзаргарсаноати», Асиллик палатаси ёки Бош прокуратурага мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Маълум қилинишича, янги фармонга асосан ноҳалол заргарлик буюмини сотганлик учун жавобгарлик тартиби белгиланган.

Асиллик даражаси нотўғри кўрсатилган маҳсулот сотилганда, агар бу ҳолат биринчи марта қайд этилаётган бўлса, маҳсулот қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима солинади. Агар бу ҳолат такрорланса, ноқонуний сотилган маҳсулот давлат ҳисобига ўтказилади ёки маҳсулотнинг 100 фоиз қиймати миқдорида жарима солинади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид