Дания парламенти аъзоси Ида Аукен келажакдаги ҳаётни қандай тасаввур этиши ҳақида эссе ёзди
2030 йилга хуш келибсиз. Шаҳримга, тўғрироғи “шаҳримизга” хуш келибсиз. Менинг ҳеч қандай мулким йўқ. Машинам йўқ. Уйим йўқ. Ҳеч қандай қурилма ва кийим-кечаклар ҳам йўқ.

Бу сизга ғалати кўриниши мумкин, бироқ шаҳримизнинг жозибаси ана шунда. Сиз маҳсулот деб ҳисоблаган барча нарсалар хизматга айланди. Биз транспорт, турар-жой, озиқ-овқат ва кундалик ҳаётда зарур бўлган барча нарсаларни олиш имкониятига эгамиз. Бу буюмларнинг бари аста-секин бепул бўлди, шунинг учун ҳам бизда бирор нарсани харид қилиш зарурияти мавжуд эмас.
Дастлаб ахборот рақамли ва барча учун бепул бўлди. Кейин эса соф энергия ҳам бепул бўлди. Бари тезда ўзгара бошлади. Транспорт нархи кескин тушиб кетди. Автомобилга эга бўлишнинг маъниси қолмади, чунки бир неча дақиқа мобайнида ҳайдовчисиз автоулов ёки узоқроқ саёҳатлар учун учадиган машинани чақириш мумкин.
Ҳаракатланиш анча тартибли кўринишга эга бўлди, чунки жамоат транспорти автоуловга қараганда осонроқ, тезроқ ва қулайроқ. Ҳозирда тирбандликлар, ҳавонинг ички ёниш двигателлари томонидан ифлослантирилишига хотиржам муносабат қилганимизга ишона олмайман. Нима ҳақида ўйлаган эканмиз?
Баъзида велосипедда дўстларимникига бораман. Менга жисмоний машқлар, велосипедда учиш ёқади. Бу ёқимли саёҳат. Қизиқ, айрим нарсалар завқ-шавқ бераверади: сайр, велосипедда учиш, таом тайёрлаш, расм чизиш ва ўсимликларни етиштириш. Бу мантиқан тўғри ва маданиятимиз табиат билан яқин муносабатлардан пайдо бўлганини ёдга солади.
«Экологик муаммолар шу даражада узоқ бўлиб кўринадики»
Шаҳримизда ижара тўлови мавжуд эмас, чунки исталган киши зарур бўлганида бўш жойдан фойдаланиши мумкин. Мен бўлмаганимда меҳмонхонамдан ишбилармонлик учрашувларини ўтказишда фойдаланишади.
Бир куни ўзим учун таом тайёрлашга қарор қилдим. Бу оддий – керакли ошхона қурилмасини бир неча дақиқаларда келтиришади. Транспорт бепул бўлгани сабабли уйда ҳеч нарсани сақламай қўйдик. Спагетти пиширгич ва товаларни жавонда сақлашнинг нима кераги бор, ахир керак бўлганида уларга буюртма бериш мумкин-ку.









