Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 16-17 май кунлари Андижон вилоятига ташриф буюрганди. 

Ташриф давомида республика ва маҳаллий ташкилот, идора раҳбарларига Андижонда саноатни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини юксалтириш бўйича тегишли топшириқ берилди, янги вазифалар белгилаб қўйилди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Kun.uz'га берган интервьюсида давлат раҳбари таъкидлаб ўтган вазифалар ва янги мақсадлар, вилоят аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар бўйича маълумот берди. 

«Президентнинг ҳар бир вилоятга ташрифидан мақсад олдинги берилган топшириқлар ижроси қай даражада бажарилганлигини ва келгусида қанақа муаммолар бор, уларни ҳал қилиш масалаларини кўришдир. Вилоятдаги мен хабардор бўлган муаммоларни ечиш юзасидан Президентга савол билан мурожаат қилганимда, уларнинг барчаси ҳал қилинди. Мана яқинда давлат раҳбари Андижонда расмий ташриф билан бўлганида ўша муаммоларни қандай ҳал қилиш режаси, муддати аниқ вазифалар белгиланган баённомани имзолади.

Андижонга хос бўлган ва оғриқли масала —  етарли  ишчи ўринлар яратиш, чунки вилоят аҳолиси бошқа ҳудудларга нисбатан зич жойлашган. Бу ерда республиканинг умумий аҳолисининг 10 фоизи истиқомат қилади, ер майдони эса нисбатан кичик. Халқ қачон турмушидан рози бўлади? Қачонки доимий иш билан таъминланса. Шундан келиб чиққан ҳолда, Президент йирик масштабдаги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратяпти. 

Масалан, 25 трлн.сўмга тенг 908 та лойиҳа имзоланди, уларнинг муддатлари, ким томонидан амалга оширилиши кўрсатилган. Бунинг натижасида 50 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратишга эришамиз. Шунингдек, 1 трлн. 846 млрд.сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари лойиҳаларини амалга ошириш вазифалари белгиланди ва керакли маблағлар ажратилди. 

Қурилиш вилоят учун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ аҳамиятли ҳисобланади. Биринчидан, янги иш ўрни яратилади. Иккинчидан, ҳудуднинг энг катта муаммоларидан бўлган уй-жой масаласи ҳал бўлади. Ҳозирда вилоятнинг 20 мингдан ошиқ аҳолиси уй-жойга муҳтож. 2017 йилгача Андижон шаҳри (уй-жойга муҳтож энг кўп аҳоли қатлами)да бирорта ҳам кўп қаватли уй қурилмаган. 

2017-2018 йилларда 60 дан ортиқ 5 ва 7 қаватли уйлар қурилди ва 2 минг нафар фуқаро уй-жой билан таъминланди. Жараён давом этяпти, 12та 9 қаватли уйлар қуриш бўйича Президент алоҳида топшириқ берди, унга етарли маблағ ҳам ажратилди. Кейинги йилгача эса 70 та 9 ва ундан юқори қаватли турар жойлар қурилади. 2020-2021 йилларда 300 та шундай уй-жойлар қуриш вазифаси қўйилган. Бунинг натижасида Андижон аҳолисининг уй-жойга муҳтож асосий қатлами талабини қондиришга эришамиз.