Ҳозирги кунда ота-оналар учун бир мунча долзарблик касб этган жараён ҳақида ёзмоқчиман. Бошдан ўтказган табиб дейишади. Шу ёзилганлар сабаб жараён ҳақида расмий маълумотлар пайдо бўлса, бошқа ота-оналарга осон бўлар деб ўйладим. Гап ўқишни академик лицей ёки касб-ҳунар коллежидан ўрта умумтаълим мактабига кўчириш жараёни ҳақида.

Маълум сабабларга кўра, мен ҳам ўғлимни академик лицейдан ўзи ўқиган мактабга қайтармоқчи бўлдим. Ўқув йили тугашини кутдим. Ўғлим барча имтиҳонларни топшириб бўлгач ҳаракатни бошладим. Аввало, ўзи ўқиган мактаби собиқ ўқувчисини қабул қила оладими-йўқми, шунга қизиқдим. Худога шукр, мактабда бундай имконият бор экан. Директор билан кўчиришнинг расмий жараёни ҳақида суҳбатлашдим. Шу пайтгача қайтган ўқувчилар туман вояга етмаганлар иши бўйича махсус комиссияси қарорлари билан келганликларини билдирган директор, бошқача жараён ҳақида аниқ инструкциялар йўқлигини айтди. Мен академик лицейга бориб аниқлаштирмоқчи бўлдим. Директор бу жараён Вазирлар Маҳкамасининг 212-сонли қарори асосида амалга оширилишини айтиб, кадрлар инспекторига ариза ёзиб, қабул қилувчи мактабдан махсус талон олиб келишим кифоялиги, мактаб вояга етмаганлар билан ишловчи махсус комиссияга ахборот жўнатишини билдирди. Хурсанд бўлганча аризани қолдириб мактабга учрадик. Мактаб директори туман ХТБсидан махсус маълумотномасиз ўша зорманда талонни беролмаслигини айтиб, ТХТБга учрашимиз кераклигини уқтирди. Вақт топиб ТХТБга ҳам бордик. Бу масала бўйича ТХТБ мудир ўринбосари шуғулланар экан. У киши менга ота-онанинг паспорт нусхалари, ўқувчининг паспорт нусхаси ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, академик лицейнинг «зачётка»сидан нусхани олиб келиб ариза қолдиришни сўради. Бу ҳужжатлар нима учун, ТХТБнинг бу жараёнга аралашишига қандай асос бор, мактабнинг ўзи бундай масалани нега ҳал қила олмайди деган қатор саволларимга мантиқли жавоб ололмадим. Мудир ўринбосарининг «ўқувчи коллеж ёки лицейда ўқимай юрган бўлса-чи?» деган гумонларига юқорида айтилган ҳужжат нусхалари даъво бўлади шекилли, деб ўйлаб қолдим. Тўғрида, фарзанди коллежда ёки академик лицейда ёлчитиб ўқимаган ота-она вояга етмаганлар бўйича махсус комиссияга бориб анча гап эшитгунча нусхаларни «ўхшатиб» қўйишга ботинолмайди. Аслини сўрашмаса нима қилибди? Агар шундай алдаш мумкин бўлса, амалдорнинг сўраган ҳужжатларида маъно қолмайди-да.

«Сизлар ҳалиям эскича ишлашдан воз кечмаяпсизлар, мана шундай иш услуби туфайли тепада (вазирликда) қандайин жон куйдиришмасин иш олдинга юрмайди», деган аччиқнамо гапларни гапирганимни ҳам айтиб ўтишим керак. Шу ўринда ХТБ, ТХТБларнинг таълим тизимидаги ўрни ҳақида яна бир ўйлаб кўришимиз керак. Бу ташкилотлар таълимни марказлаштирган ҳолда бошқариш функциясини бажаради. Бу дегани илғор ўқитиш услублари билан таъминлаш, мактабларнинг моддий таъминотларини бир текис молиялаштириш вазифалари устувор аҳамиятга эга бўлишини англатади. Ҳозир эса мактабларнинг ҳар қандай ҳужжат ишини зарурат бўлса, бўлмаса ўзи орқали ўтказиб, шу йўл билан директорларни «боғлаб» олмаётганмикан? Ҳозир нисбатан камайган, лекин учраб турадиган турли мажбурловлар мана шундай «боғлиқлик» натижасида юз бермаяптимикан?