Жамият | 19:54 / 14.06.2019
6666
4 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон туманида ёшлар сайли ўтказилди

Президентнинг 5 та муҳим ташаббуси ижроси юзасидан Каттақўрғон туман марказий истироҳат боғида туман ҳокимлиги, ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман халқ таълими бўлими, туман маданият бўлими ва барча ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Ёшлар сайли»» ўтказилди.

Тадбирда ёшлар томонидан турли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка, миллий кураш, бокс ва бадиий гимнастика турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

 

Шунингдек, янги бадиий китоблар кўргазмаси, хотин-қизлар учун малакали тикувчи-мураббийлар томонидан ташкил этилган ўқув-тренинглари, компьютер саводхонлиги дарслари, «Ёш ошпазлар танлови» ва  кўнгилочар маънавий-маърифий тадбирлар ва концерт дастурлари ташкил этилди.

Айни вақтда Каттақўрғон туманида ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги тадбир давомида эътироф этилди.

Жумладан, ёш оилалар учун «Ёшлар уйи» қурилиб, топширилиш арафасида.  Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан ногиронлиги бўлган ёшларга 16 та ногиронлик аравачаси ва бошқа махсус мосламалар топширилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг 106 нафари ўқув қуроллари, 35 нафари дори-дармон, 62 нафари озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 7 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, улар орқали 481 нафар ёшлар турли хил ишларга жойлаштирилди.

Ёшлар ойлиги муносабати билан июнь ойи давомида турли хил ижтимоий ҳимоя, бандлик, спорт ва бошқа шу каби лойиҳа ва тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида  62 тадан ортиқ мусобақалар ташкил этилиб, уларда 4 мингга яқин ёшлар иштироки таъминланди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги 43- умумий ўртатаълим мактабида бокс спорт зали замонавий таъмирланди, «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мини-футбол майдони барпо этилди.

Шунингдек, Президент томонидан илгари сурилган бешта ташаббус юзасидан ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш мақсадида туман маданият бўлими ва тумандаги мавжуд 2 та болалар мусиқа ва санъат мактаби раҳбарлари масъул этиб белгиланди ҳамда чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Туманда янгидан қад ростлаган концертлар залида доимий равишда  маданий, маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Иккинчи ташаббус юзасидан ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш чора-тадбирлари белгилаб олинган.

Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида тумандаги умумтаълим мактабларининг компьютер жамланмаларини таъмирлаш ва интернет тармоғига улаш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус  мақсадларини амалга оширишга қаратилган.

Унга кўра тумандаги М.Улуғбек маҳалласида “Ёшлар кутубхонаси” қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 50-60 дан ортиқ ёшларни илм олиш, мазмунли хордиқ чиқаришини таъминлайди. Шунингдек, А.Навоий маҳалласида жойлашган эски мадарасани қайта таъмирлаб «Кутубхона-музей» ташкил этиш белгиланган.

Бундан ташқари, китобхонликни юксалтириш мақсадида ҳар бир таълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари учун китоб ярмаркалари ташикл этилди.

Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, туманда 2019-2020 йилларда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини кўзда тутилмоқда.

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади.

Мавзуга оид