20 июнь куни кечқурун Грузия пойтахти Тбилисида кўп минг кишилик намойишлар бошланди. Расмий маълумотларга кўра, парламент биноси олдидаги майдонда 10 минг киши тўпланган. Мухолифат чақириғига кўра маҳаллий вақт билан соат 19:00да йиғила бошлаган одамлар Грузия «Россия томонидан оккупация қилиниши»га қарши чиқишган ва парламент спикери Ираклий Кобахидзе, шунингдек Ички ишлар вазири Георгий Гахария ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари истеъфога чиқишини талаб қилишди. Норозилик акцияси бошланганидан бир соат ўтиб истеъфолар ҳақидаги талаблар қондирилмагач, намойишчилар парламент биносига бостириб кириш учун ҳаракат бошлашди.

Парламент биноси олдида минглаб киши тўпланди
Vano Shlamov / AFP / Scanpix / LETA

Намойишларга Россия Давлат думаси депутати Сергей Гавриловнинг Грузия парламентида чиқиш қилиши сабаб бўлди. Грузия парламентида 20 июнь куни Парламентлараро православия ассамблеяси мажлиси ўтказилди (ассамблея Греция ташаббуси билан 1993 йили, парламентлараро орган сифатида ташкил этилган; грузинлар ҳам худди греклар ва руслар каби православ). Ассамблеянинг ҳозирги раҳбари — Россия парламенти депутати Сергей Гаврилов ҳисобланади.
У Грузия парламенти раисининг курсисига ўтириб олган ва мажлисга йиғилганларга рус тилида мурожаат қилган. Бу эса Грузия мухолифати вакиллари — «Ягона миллий ҳаракат» ва «Европа Грузияси» партияларидан сайланган депутатларнинг норозиликларини келтириб чиқарган. Шундан сўнг мажлис барбод бўлган, депутат Гаврилов қўриқчилар ҳимояси остида парламентни тарк этган ва меҳмонхонага яширинган. Кўп ўтмай унинг бошчилигидаги Россия делегацияси Грузиядан чиқиб кетган.

Ҳукуматдаги «Грузин орзуси - Демократик Грузия» партияси раҳбари, миллиардер Бидзин Иванишвили, бош вазир Мамука Бахтадзе ва парламент спикери Ираклий Кобахидзе «оккупант-давлат вакили қисқа вақтга бўлса-да Грузия парламенти раиси креслосида ўтиргани» учун узр сўради.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газлар, резинали ўқлар ва водомётлар қўллади. Ўз навбатида акция иштирокчилари ҳам полициячиларга қарата бутилкалар улоқтириб, уларнинг щитларини тортиб олишди. Тўқнашувлар вақтида ўнлаб кишилар жароҳатланди. Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра икки томондан жами бўлиб 69 киши жабрланган. Уларнинг ярмидан кўпроғи — 39 нафари полициячилар.