Ўзбекистон | 14:03 / 11.12.2024
5900
3 дақиқада ўқилади

Оммавий тартибсизликлар ташкил қилишга тайёргарлик кўрганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

Оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтиш ва бундай фаолиятни молиялаштириш Жиноят кодексига киритилмоқда. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг айтишича, бу жазо онлайн тарздаги ўқувларда қатнашаётган шахсларга ҳам тааллуқли бўлади. Бундай ўқувларда кимдир билиб, кимдир билмай қатнашади, деди у. Депутатлар қонун лойиҳасини савол бермасдан биринчи ўқишда қабул қилди.

Светлана Ортиқова / Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 11 декабр куни Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ўзгартишлар ҳақида бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова маълумот берди.

«Сиз билан биз жуда яхши биламиз, атрофни кузатамиз, юрагимиз қонга беланади, ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Ҳозир таҳликали замон. Сиз билан биз инсонни, жамиятни ва ўз давлатчилигимизни ҳимоя қила билишимиз керак. Шунда табиий савол туғилади: оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ва шу ўқишда қурол-яроғ тайёрлашми ёки портловчи моддаларни, атрофдагилар учун махсус бирон-бир мосламаларни тайёрлаганлик учун жиноий жавобгарлик борми?

Бу ҳаракат жиноят таркибини ташкил этадими ёки йўқми? Бизнинг фикримизча, ташкил этади. Бу ерда жиноят объекти ҳам бор – инсон, жамият ва давлат субъекти ҳам бор – одам шуни хоҳлайди.

Иккинчи масала, оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш фаолиятини молиялаштириш жиноятми? Албатта, бу жиноят. Бу ерда жиноят таркиби бор ва бизнинг фикримизча, бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланиши шарт. Шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг тинч ҳаёти ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қаратилган Жиноят кодексининг шу моддасини 3-қисм ва 4-қисми билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Бу жиноят учун жазо муқаррарлигига доир принципни амалга ошириш, жазолаш учун эмас, балки олдини олиш учун… Ким онлайн тарзда бўладими ёки офлайн тарздами шу каби «ўқувларда» қатнашаётган бўлса… Оммавий тартибсизликлар – сиз билан бизнинг ҳаётимизни изидан чиқариш. Кимдир билиб, кимдир билмай «қатнашади», – деди Светлана Ортиқова.

Маълум қилинишича, кодексга киритилаётган ўзгартиришлар давлат бюджетидан ортиқча маблағ сарфлашни талаб қилмайди. Ҳужжат лойиҳаси Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодиёт ва молия, Ички ишлар, Адлия вазирликлари билан келишилган.

Прокуратура расмийси ушбу ҳаракатлар учун қандай турдаги жазо чоралари белгиланаётганини очиқламади.

Жиноят кодексининг амалдаги 244-моддасида оммавий тартибсизликларга даъват қилиш, қурол билан қўрқитиб, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш каби бир қанча ҳуқуқбузарлик турлари санаб ўтилган бўлиб, булар учун БҲМнинг 300 баробари миқдоридаги жаримадан 15 йил озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар мавжуд.

Депутатлар ялпи мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан бирорта ҳам савол бермади ва лойиҳа 138 депутатнинг ёқлаб овоз бериши билан биринчи ўқишда қабул қилинди. 1 депутат қарши, 1 депутат бетараф эканини билдирди, 8 депутат овоз бермади.

Қонун лойиҳаси қуйи палата қўмиталари ва партиялар фракциялари томонидан кўриб чиқилиб, иккинчи ўқишга олиб чиқилади.

Мавзуга оид