Фан-техника | 23:49 / 22.06.2019
12929
3 дақиқада ўқилади

Huawei АҚШ ҳукумати билан можаро вақтида 3 та янги смартфонини тақдим қилди

Хитойнинг Huawei компанияси 7 нмли техник жараён бўйича яратилган янги процессори Kirin 810’ни ва 3 та янги смартфони – Nova 5, Nova 5 Pro ва Nova 5i’ни тақдим қилди. Бу смартфонлар компанияга АҚШ томонидан санкциялар солингани ортида Android операцион тизимида ишлаши ва Google хизматлари кўмагини олиши-олмаслиги номаълум.

Nova 5 ва Nova 5 Pro кўрсаткичлари бўйича бир-бирига ўхшаш. Иккала смартфон ҳам 6,39-дюймли OLED-экран ва 4 та камера – 48 Мпли асосий, 16 Мпли кенг бурчакли камера, 2 Мпли чуқурлик сенсори ва 2 Мпли макро-сенсор билан жиҳозланган. Қурилмалар экран остидаги бармоқлар излари датчиги ва 3500 мА-соатлик аккумуляторлар олган.

Фото: Huawei Nova 5

Смартфонлар тезкор ва ички хотиралари ҳажми билан фарқланади: Nova 5 6 Гб тезкор ва 128 Гб ички, Nova 5 Pro эса 8 Гб тезкор ва 256 Гб ички хотира олган. Бундан ташқари, Nova 5 янги процессор Kirin 810, Nova 5 Pro эса компаниянинг флагман смартфонлари P30 Pro ва Mate 20 каби Kirin 980 процессори билан жиҳозланган.

Фото: Huawei Nova 5 Pro

Иккала смартфон ҳам кўринишидан Honor 20’га ўхшайди. 

Компания тақдим қилган 3-смартфон Nova 5i бўлиб, ўзидан Европада намойиш қилинган P20 Lite’нинг ребрендинг-версиясини акс эттиради. У экранда селфи-камера учун “дарча”, Kirin 710 процессори, қолган икки смартфонга қараганда 2 марта кучсизроқ камера ва OLED экран ўрнига LCD экран билан жиҳозланган.

Фото: Huawei Nova 5i

Huawei учала смартфонни ҳам ҳозирча Хитойда сотувга чиқармоқчи. Таъкидланишича, қурилмалар июнь охирида Nova 5 учун 2799 юан, Nova 5 Pro учун 2999 юан ва Nova 5i учун 2199 юан нарх билан дўконларда пайдо бўлади. Компанияда қурилмалар бошқа давлатларда сотилиши ва қанча туриши борасида маълумот берилмаган.

Июнда Huawei смартфон ишлаб чиқаришга буюртмани ўзгартиргани, унинг телефонларни йиғувчи пудратчиси Foxconn бир неча йиғиш линияларини тўхтатиб қўйгани маълум бўлган. Huawei, шунингдек, сув ости интернет кабеллари бизнесини сотиб юборган, эгилувчан экранли Mate X смартфони ишлаб чиқарилишини кейинга қолдирган ва тушумининг 30 млрд долларга камайиши мумкинлигини маълум қилган.  

Мавзуга оид