Жаҳон | 08:45 / 22.06.2019
18098
2 дақиқада ўқилади

NYT: Трамп Эронга зарба бериш қарорини Fox News бошловчисининг маслаҳати билан бекор қилган

Фото: Susan Walsh/AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга зарба бериш қарорини бекор қилишдан олдин Fox News телеканалидаги ўзининг севимли бошловчиларидан бири Такер Карлсоннинг маслаҳатига қулоқ солган, деб ёзади The New York Times газетаси.

Қайд этилишича, Карлсон давлат раҳбари билан охирги суҳбатларидан бирида эронликлар уриб туширган дрон учун қасос олиш бутунлай ақлсизлик бўлишини айтган. Телебошловчи АҚШ маъмуриятидаги "қирғийлар" Теҳронга қарши куч ишлатишни талаб қилиб президент манфаатларига зид ҳаракат қилишаётганига Трампни ишонтирган. Агарда Вашингтон Эрон билан уруш бошласа, Трамп 2020 йилги сайловларда қайта сайланиш умиди билан хайрлашиши мумкин, дея Карлсоннинг фикрларини келтиради газета.

Газетанинг эслатишича, Трамп камдан-кам ҳолларда бўлса ҳам вазият жар ёқасига келиб қолганини тушунганида ҳужум тактикасидан воз кечади ва ортга чекинади.  

Аввалроқ Дональд Трамп америкаликларнинг учувчисиз учиш қурилмаси уриб туширилганига жавобан Эронга зарба бериш қарорини бекор қилганига изоҳ берганди. 

«Мен бу ҳужум оқибатида қанча одам ҳалок бўлиши ҳақида сўрадим. Бир юз эллик киши, сэр, дея менга жавоб берди генерал. Зарба берилишига ўн дақиқа қолганида бу қарорни бекор қилдим, чунки бу уриб туширилган учувчисиз дрон учун номутаносиб жавоб бўларди», — деб ёзди у твиттерида.

Мавзуга оид