Ўзбекистон | 21:20 / 24.06.2019
20303
2 дақиқада ўқилади

Арисдаги портлаш туфайли «Уфа-Тошкент» поезди Туркистонда тўхтаб қолди

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Арис шаҳрида ҳарбий омборхонада портлаш содир бўлгани сабабли Қозоғистоннинг «Темирйўл йўловчи ташуви» компанияси 13та йўловчи поезди, хусусан, «Уфа—Тошкент» (№382) ва «Самарқанд—Нур-Султон (Остона)» (№252) поездлари қатновини вақтинча тўхтатган. Бу ҳақда компания матбуот хизматига асосланиб, Tengrinews.kz нашри хабар берди.

«Қозоғистон темир йўллари» компанияси томонидан йўловчи поездларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш юзасидан, шунингдек, йўловчи составларини сув, дизель ёқилғиси ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» «Уфа-Тошкент» поезди «техник сабабларга кўра» ушланиб қолганини тасдиқлади. Поезд Туркистонда тўхтаб турибди.

Бугун, 24 июнь кунининг биринчи қисмида Қозоғистон жанубидаги Туркистон вилояти Арис шаҳридаги ҳарбий қисм ҳудудидаги ўқ-дори омборхонасида портлашлар рўй берди. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди ва аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган ва 70дан ортиқ киши жароҳатланган. 

Мавзуга оид