Ўзбекистон | 20:41 / 26.06.2019
3810
3 дақиқада ўқилади

БМТ: Халқаро ташкилотларга ҳисобдорликда холис бўлиш керак 

26 июнь куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор идоралари мутахассислари иштирокида «Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида индикаторларни жорий этиш» мавзусида конференция бўлиб ўтди. Унда 2030 йилга қадар мўлжалланган 17 та барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда (Ўзбекистон уларнинг 16тасига қўшилган), хусусан, инсон ҳуқуқларининг таъминланишида статистик маълумотларнинг аҳамияти хусусида сўз борди.

Давлат статистика қўмитаси директор ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаевга кўра, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси бўйича Бош прокуратура, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ маълумотлари асосида доимий мониторинг ишлари олиб борилади.

«Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 206та индикатор белгиланган бўлиб, уларнинг 130дан ортиғи айнан инсон ҳуқуқларига тааллуқли. Эндиликда бу индикаторларни давлат органларига тақдим этиб, айнан улар бўйича маълумотларни юргизиш кўзда тутилган. Яқинда nsdg.stat.uz портали ишга туширилиб, унга айнан барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича статистик маълумотлар жойлаштириб борилади, ҳозирда бу портал тест режимида ишлаяпти», ─ дея маълумот берди Зиёдуллаев.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси мутахассиси Наталья Сейтмуратова давлат халқаро ташкилотларга ҳисобдорликда холис бўлиши кераклигини қайд этиб ўтди.

«Халқаро ташкилотларга тақдим этиладиган ҳисоботларда маълумотларни нотўғри кўрсатиш, ўз камчиликларига била туриб кўз юмишдир. Бундан ҳеч қандай наф йўқ, давлат ўзини алдагани қолади, холос. Ундан кўра, холис мониторинг ва аниқ статистик кўрсаткичларни белгилаш, халқаро ташкилотлардан керакли йўриқларни олиш, талаб этилганда донорлик ёрдамларини олиш керак», ─ дейди мутахассис.

Инсон ҳуқуқлари бўйча миллий марказ директори ўринбосари Ойбек Аҳмадовнинг баён қилишича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминланишида жазони ўташ муассасаларида ҳам ишлар олиб борилмоқда. 

«Жазони ўташ муассасаларида барча шароитлар халқаро стандартларга амал қилинмоқда. Жазони ўтаётганларда шароитлар ёки назоратчиларнинг муомаласидан шикоят бўлса, муассаса ҳудудида ташкил этилган Омбудсман ва прокуратуранинг мурожаатлар учун қутиларига ўз шикоятларини солишлари мумкин. Дарҳол керакли чоралар кўрилади», ─ дейди у.

Мавзуга оид