Ўзбекистон | 14:50 / 26.06.2019
4771
3 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси: бир йил ичида Ўзбекистон чегаралари орқали автомобил ҳаракати 151, одамлар ҳаракати 86 фоизга ошди

Бугун, 26 июнь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитаси мутасаддилари иштирокида «Божхона соҳасида тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, 2018 йилда божхона маъмурчилигини соддалаштириш бўйича 46та, ўтган 5 ойда 27та норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган, яна 21таси кўриб чиқилмоқда. Мунтазам ошиб бораётган аҳоли ҳаракатларини ҳисобга олиб, Тожикистон билан чегараларда қўшимча 10та пост ташкил қилинган. Божхона ва чегара пунктлари орқали аҳоли ўтиб қайтишлари сони 2018 йил якунига кўра 2017 йилга нисбатан 86 фоизга ошган. Бундан ташқари, импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони 48 фоизга, юк декларациялари 35 фоизга ортган. Ваколатли иқтисодий операторларга божхона тўловларини 20-60 кунгача кечиктириб тўлаш рухсати берилмоқда.

2018 йилда 10га яқин рухсат бериш хусусиятидаги рухсатномалар бекор қилинди.

Аэропортлардаги яшил йўлаклар орқали 95-96 фоизгача йўловчилар ҳаракатланмоқда. Тартибга кўра яшил йўлакда ўтиш эркин, муддати 15-20 дақиқа, сариқ йўлак божхона кўригидан озод, лекин ҳужжатли назорат бўлади. Қизил йўлакда хавф даражаси юқори бўлгани учун тўлиқ божхона назорати ўтказилади.

Қозоғистон билан йўловчилар оқими 6 баробар ошгани ва бу умумий йўловчилар сонининг ярмини ташкил қилишини ҳисобга олиб, Ғишткўприк постида янги терминал ишга туширилмоқда. Шунингдек, Қирғизистон билан чегарадаги Дўстлик ўтказиш пунктида ҳам кунига 500дан ортиқ йирик юк машиналарига хизмат қилувчи терминал ишга туширилиши кутиляпти.

4-5 соатгача давом этадиган автомобиллар кўриги 3-4 дақиқагача қисқарди. Йўловчиларни ҳам қўлда шахсий кўрик қилиш ўрнига сканерлаш тизими синаб кўрилмоқда ва биргина шу тизим орқали Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар ютиб олган 1,5 кг.га яқин олтин буюмлар ушланган.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг «бундан бир неча йил муқаддам божхонага оид маълумотларнинг аксариятида белгиланган тартибга риоя қилмай олиб чиқиб кетилаётган валюта тўғрисидаги хабарлар ташкил қиларди. Аммо охирги пайтлар бундай ахборот камайди. Бу сизлар томондан қўйилган чекловми, одамлар ҳуқуқий онги ўсдими ёки яна бошқа сабаблар ҳам борми?» деган саволига қўмита бўлим бошлиғи Фарҳод Олимжонов шундай жавоб берди:

— Аввало бунинг сабаби тушунтиришлар олиб борилгани, аҳоли ҳуқуқий онги ўсгани деб ўйлаймиз. Бундан ташқари, ҳозир олиб чиқишга рухсат бериладиган валюта миқдори 2 минг доллардан 5 минг долларгача оширилди, бу анча жиддий ўсиш. Шунингдек, пластик карталарда нақдсиз шаклда олиб чиқиш имконияти мавжуд ва бу жуда қулай. Шунга қарамай бундай ҳолатлар бутунлай барҳам топган деб бўлмайди, ўтган йил давомида 102 минг АҚШ доллари миқдорида валютани ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. 

Мавзуга оид