Ўзбекистон | 23:10 / 26.06.2019
9143
3 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон тумани деҳқонлари ғалла режасини бажаришди

Фото: KUN.UZ

Каттақўрғон тумани деҳқонлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажардилар. 258 та фермер хўжаликлари тасарруфидаги 8 926 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирган ғаллакорлар давлат хирмонига 25 минг 139 тонна ўрнига 27 минг тоннадан зиёд сара дон топширишди.

«Ғалла ўримига киришганимиздан бери жами ғалла экилган майдоннинг 4 100 гектарга яқин қисмидаги ҳосилни йиғиштириб олиб, давлатга ғалла сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажардик. Ҳозиргача ўрилган майдонлардан олинган ҳосилдорлик ўртача 66,1 центнерни ташкил этди. Ҳали 48 фоиз майдонда ғалла бор. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ғалла харид нархларини сезиларли даражада оширилганлиги, айниқса 60 центнердан юқори ҳосил етиштирган фермерларнинг топширган ҳар тонна ғалласи учун 1,5 миллион сўмдан ҳақ тўланиши ҳамда ягона ер солиғидан имтиёзлар берилганлиги иш самарадорлигини оширди. Шунингдек, бу йил ғалла учун қулай йил бўлди. Агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борилганлиги мўл ҳосил гарови бўлди. Қилинган самарали меҳнатнинг натижаси туфайли ҳар бир хўжаликда шартномадан ташқари ўртача 80-100 тоннадан ғалла қоляпти», – дейди туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Азим Ризонов. 

Ғалла ҳосилини ўриб олиш уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Тумандаги “Қорадарё соҳили чароғон”, “Беҳрузбек”, “Мангарон унумдор замин”, “Усмон бобо” фермер хўжаликларида давлатга ғалла сотиш режаси 140-150 фоизга уддаланди. “Ёқуб бобо” фермер хўжалиги эса режани салкам 200 фоизга бажарди. Ғалла ўримида иштирок этаётган Эргашев Абдуҳомид,   Файзиев Юнус, Рашидов Дониёр каби комбайнчилар ҳар куни 25 гектаргача майдонидаги ғаллани ўришга эришиб, бошқаларга намуна бўлмоқдалар.

Тумандаги Грант транс, Каттаминг, Зарафшон, М.Улуғбек, А.Навоий, М.Султонов массивлари ҳудудидаги хўжаликларда ғалла ўрим йиғими қисқа муддатларда ва уюшқоқлик билан ўтказилди. Жорий йил туманда келгуси йил ҳосили учун 3 300 тонна сара уруғлик ғалла ҳам жамғарилиши кўзда тутилган. 

Айни пайтда халқимизнинг ризқ-у насибаси бўлган ғаллани тез фурсатларда йиғиштириб олиш учун ўрим-йиғим ишлари авжида.

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади.

Мавзуга оид