Мактабларда ноқонуний пул йиғимларининг амалга оширилмаслиги, мактаб учун давлат бюджетидан ажратилган маблағнинг самарали сарфланиши, мактаб раҳбриятининг иш унумдорлиги кузатув кенгашлари томонидан назорат қилинади. Ўзгаришлар умумтаълим масканларида сифат кўрсаткичларининг кўтарилишига хизмат қилиши кутилмоқда. Бу хусусида Maʼrifat нашри мақоласида баён қилинади.

2018 йил 5 сентабрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Президент фармонига мувофиқ, умумтаълим муассасаларида корпоратив бошқарув ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ота-оналар, собиқ битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат кузатув кенгашлари ташкил этилган эди. Бу кузатув кенгашларининг ваколатлари ва вазифалари нимадан иборат? Мақола шу саволларга батафсил жавоб беради.

— Кенгашнинг мақсади таълим жараёни ва мактаб молиявий-хўжалик фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, уларга тегишли шарт-шароит яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнини қўллаб-қувватлашдан иборат Вазирлик тасарруфидаги барча умумий ўрта таълим муассасалари учун татбиқ этиладиган кенгашлар юридик шахс ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказилмайди, ─ дейилади мақолада фикрлари келтирилган Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Эркин Муродов.

Кенгаш қай тартибда ташкил этилади?

Мақолада келтирилишича, кенгашни ташкил этиш бир неча босқичда амалга оширилади. Дастлаб ҳар бир синфда ота-оналар йиғилиши ўтказилади. Унда таълим муассасаларида кузатув кенгаши тузиш қонун-қоидалари тушунтирилиб, мактабнинг умумий йиғилишида иштирок этиш учун камида бир нафар вакил сайлаб олинади. Мазкур вакилларга йиғилиш қарори билан мактабнинг умумий йиғилишида синф ота-оналарининг манфаатларини ифода этиш, муҳокамаларда фаол қатнашиш ва қарор қабул қилиш давомида овоз бериш ваколатлари топширилади. Агар ота-оналар орасида вакилликка муносиб номзод топилмаса, аъзоликка тавсия этилмаслиги ҳам мумкин.

Шундан сўнг мактабнинг умумий ота-оналар йиғилиши ўтказилади ва унда кенгаш ҳақидаги низом, унинг мақсади, ваколатлари таништирилиб, кенгаш таркибига тавсия этилган номзодлар кўриб чиқилади ҳамда очиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Кенгаш 7 нафардан кам бўлмаган, аммо чекланмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Унинг таркибига ўқувчиларнинг ота-оналари орасидан камида 2 нафар, собиқ битирувчилар орасидан 2 нафар ва нафақадаги собиқ педагоглар орасидан 1 нафар ҳамда ҳомийлар орасидан 2 нафар аъзо киритилади.

Мактаб директори ёки ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари кенгаш аъзоси сифатида сайланишига йўл қўйилмайди. Уч йил муддатга сайланадиган таркиб ҳар ўқув йили бошида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Мазкур кенгашнинг биринчи йиғилиши туман/шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан ташкил этилади. Унда аъзолар орасидан очиқ овоз бериш орқали кенгаш раиси ва котиби сайлаб олинади.